Ўзбекистон | 12:06 / 25.09.2019
8647
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистонга қайтариш тартиби эълон қилинди

Фото: Fotolia

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 3 ёшдан катта ёшдаги болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш Ички ишлар вазирлиги томонидан, 3 ёшга тўлмаган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамкорлигида амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтаришда бошқа давлатлар билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилади;

вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари, таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари, ФҲДЁ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистонга қайтаришни амалга оширишда иштирок этувчилар деб ҳисобланади;

барча вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалари бўйича ваколатли органларининг сўровномаларини ўрганиб чиқиб, тегишли маълумотларни ўз вақтида тақдим этилиши таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларини Ўзбекистон Республикасига қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ваколатли органлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга, шунингдек Низомга мувофиқ болаларни қайтариш борасидаги ишларни амалга оширади.

Болаларни қайтариш борасидаги фаолият Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.

Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг болалари бўйича маълумотлар ушбу давлатларнинг ваколатли органларидан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасасига келиб тушган куни зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментига юборилади.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасидан хориждаги болалар бўйича маълумотларни бир иш кунида ваколатли вазирлик ва идораларга юборади.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти хориждаги болалар бўйича маълумотларни Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларда белгиланган тартибда ўзаро ахборот алмашиш йўли билан ҳам олиши мумкин.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти 3 ёшдан катта бўлган хориждаги болалар тўғрисидаги маълумотларни, уларни қайтариш тадбирларини амалга ошириш учун Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармасига, 3 ёшгача бўлган хориждаги болалар тўғрисидаги маълумотларни, уларни қайтариш тадбирларини амалга ошириш учун Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармасига юборади.
 
Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан юборилган хориждаги болаларни қайтариш тўғрисидаги маълумот Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ҳамда Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармасига келиб тушган вақтдан бошлаб ўн беш кун ичида болага оид барча маълумотлар жамланади.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси қайтарилиши лозим бўлган 3 ёшдан катта ёшдаги бола бўйича фуқаролар йиғинидан оиласи, доимий ёки вақтинча яшаганлиги, яқин қариндошлари, ота-онаси тўғрисида, ФҲДЁ органларидан туғилганлик гувоҳномаси, халқ таълими бўлимидан ўқиган таълим муассасаси, хомий ёки васий бириктирилганлиги, ушбу бола қайтарилгандан сўнг унга бириктирилиши лозим бўлган васий ёки хомий белгиланиши тўғрисидаги маълумотлар олинишини таъминлайди.

Ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси 3 ёшгача бўлган бола бўйича фуқаролар йиғинидан оиласи, яқин қариндошлари, ота-онаси тўғрисида, ФҲДЁ органларидан туғилганлик гувоҳномаси, ушбу бола қайтарилгандан сўнг, уни Меҳрибонлик уйига жойлаштирилиши тўғрисидаги  маълумотлар олинишини таъминлайди.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ҳамда Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси зарурат туғилганда олиб келиниши лозим бўлган бола юзасидан давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ҳамда фуқаролардан маълумотлар, бошқа зарур ҳужжатлар ҳамда материалларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бунинг учун уларга сўров хати билан мурожаат қилади.

Хориждаги 3 ёшга тўлмаган болаларни қайтариш борасидаги тадбирлар Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси ҳамкорлигида амалга оширилади.

Барча маълумотлар тўплангандан сўнг, ваколатли органлар раҳбарияти Фармойишига асосан Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, Болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси масъул ходимларига хизмат сафари гувоҳномаси расмийлаштирилади ҳамда болаларни қайтариш учун ушбу болалар ушлаб турилган давлатга шу куннинг ўзида хизмат сафарига юборилади.

Хориждаги болаларни қайтариш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1-2 нафар вояга етмаганни олиб келиш учун 1 нафар;

3-4 нафар вояга етмаганни олиб келиш учун 2 нафар;

5 ва ундан ортиқ вояга етмаганни кузатиб бориш учун 3 нафар (ваколатли органлар ходимининг умумий сони) масъул ходим ажратилади.

Болаларни қайтаришда икки ёки ундан ортиқ ходим иштирок этаётган бўлса, ваколатли органлар раҳбарияти томонидан гуруҳ раҳбари тайинланади.

Ваколатли органлар раҳбарияти хизмат сафарига юборилаётган ходимлар билан хориждаги болаларни қайтариш юзасидан ўрнатилган тартибда йўриқнома ўтказади.

Болаларни қайтариш борасидаги сарф-харажатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар Молия-иқтисод бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Болаларни қайтариш борасидаги сарф-харажатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
 
Хориждаги 3 ёшдан катта ёшдаги болалар олиб келингандан сўнг доимий яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларига бўйсунувчи Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларга қонун ҳужжатларига мувофиқ шу куннинг ўзида жойлаштирилади.

Марказга жойлаштирилган хориждаги 3 ёшдан катта ёшдаги болалар билан Марказ психологи ҳамда ижтимоий ходими томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ профилактик тадбирлар амалга оширилади.

Хориждаги 3 ёшгача бўлган болалар олиб келингандан сўнг қонун ҳужжатларига мувофиқ Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилади.

Қайтарилган болаларнинг ота-онаси Ўзбекистон Республикасида бўлган ҳолларда, олиб келинган болалар қонун ҳужжатларига мувофиқ ота-онасига топширилади.
 
Болаларни қайтариш борасида бошқа давлатлар билан боғлиқ низоли ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан ҳал этилади.

Болаларни қайтариш борасидаги хорижий давлатлар билан боғлиқ ҳужжатлар Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилади.

Мавзуга оид