Жамият | 12:54 / 30.09.2019
10910
4 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг Қаршидаги «Отчопар» маҳалласида амалий ишлар олиб борилмоқда

Kun.uz сайтида жорий йил 16 сентябрь куни «Қаршидаги маҳалла муаммолари ечим топмади: ўқувчилар бу йил ҳам лой кечиб мактабга қатнайди(ми?)» сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган эди.

Унда «Обод маҳалла» дастурига киритилган Қарши шаҳридаги «Отчопар» маҳалласидаги муаммолар аҳоли мурожаати асосида ўрганилиб, ёритилган эди.

Хусусан, маҳалладаги якунига етмай қолаётган дастурдаги лойиҳалар, ёзда чанг, ёғингарчиликка айланадиган йўллар, ичимлик суви, симёғочлар жуда паст жойлашгани ва аҳоли учун хавф туғдирадиган даражадалиги, бу симёғочларни аҳоли ўз маблағлари ҳисобига қўлбола қилиб ўрнатиб олганлиги, айрим хонадонлар маҳалла ҳудудидан ўтган юқори кучланишли электр тармоғи остига қурилганлиги каби муаммолар танқид остига олинган эди.

Шундан сўнг, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ушбу мақола юзасидан таҳририятга маълумотнома тақдим этиб, маҳаллада симёғочларни алмаштириш ишлари давом этаётганлигини маълум қилган эди.

Маҳалладаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида яна «Отчопар» маҳалласида бўлдик.

«Айни вақтда маҳалламизда ишлар жадал суръатда олиб борилмоқда. Йўлларни шағаллаштириш бошланди. Симёғочлар алмаштирилмоқда. Октябрь ойида ишлар якунига етказилиши режалаштирилган», – дейди биз билан суҳбатда маҳалла раиси Пармон Чоршанбиев.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, ҳақиқатан ҳам йўлларга шағал ётқизилаётганлигига, симёғочлар алмаштирилаётганлигига гувоҳ бўлдик.

«Ҳозирда аҳоли томонидан ўрнатилган қўлбола (ностандарт) устунлар ўрнига янги темир-бетон устунлар ўрнатиш ва монтаж қилиш ишларини якунига етказяпмиз. Маънан эскирган электр симлар ўрнига изоляцияланган симлар ўтказилди. Бу аҳолини электр энергияси билан таъминлашдаги муаммоларни тўлиқ бартараф этиш имконини беради. Ортиқча юкламаларга йўл қўймаслик учун қўшимча трансформаторлар ўрнатилди», – дейди Қарши шаҳар «Электр тармоқлари» корхонаси раҳбари Улуғбек Ризаев.

Танқидий мақолада аҳоли хонадонлари ва кўчалар устидан юқори кучланишли электр энергияси тармоғи ўтганлиги, бу умуман мумкин бўлмаган ҳолатлиги, юқори кучланишли электр энергияси тармоғи сабабли аҳоли доимо хавфда яшашга мажбурлиги, аҳолига қандай тартибда, қандай ҳолатда бундай тарзда уй қуришга рухсат берилгани, ер ажратилгани тушунарсиз ҳолатлиги, хавфсизлик талаблари умуман ҳисобга олинмаганлиги ҳам келтириб ўтилган эди.

Маълум бўлишича, ушбу муаммони бартараф этиш юзасидан ҳам амалий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, юқори кучланишли электр энергияси тармоғи муҳофаза ҳудудига қурилган 19 та хонадон эгаларига уйларини бузиш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилган.

Маҳалладаги асосий муаммолардан бири бўлган ичимлик суви масаласи ҳам яқин кунларда ҳал бўлиш арафасида экан.

«Фақат «Отчопар» маҳалласи учун 500-100 куб сиғимга эга ичимлик сув билан таъминлаш объекти қурилмоқда. Жорий йилнинг 5 октябрида синов тариқасида ишга туширилиши режалаштирилган», – дейди Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Улуғбек Авазов.

Ушбу ичимлик суви объектида бўлганимизда қурилиш ишлари давом этаётган экан.

Шунингдек, Улуғбек Авазовнинг қўшимча қилишича, маҳаллада янги умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаси қуриш лойиҳаси кейинги йил манзилли дастурга киритиш кўзда тутилган.

Ўрганишимиз давомида маҳаллада амалий ишлар бораётганлигига гувоҳ бўлдик.

Муҳими, бу хайрли ишлар якунига етказилса, аҳолини бир неча йиллардан бери қийнаб келаётган масалалар ечилади ва ўз ўрнида фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончи янада ортади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид