Ўзбекистон | 13:22 / 02.10.2019
6024
6 дақиқада ўқилади

2020 йил ҳосили учун экиладиган кузги бошоқли дон экинлари ялпи ҳосилининг прогноз ҳажмлари маъқулланди

Фото: ТАСС

Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2020 йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми майдонларга экиладиган кузги бошоқли дон экинлари ялпи ҳосилининг прогноз ҳажмлари тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2020 йил ҳосили учун серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари;

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси таркибидаги дон корхоналари томонидан 2020 йил ҳосилидан бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари;

Дон ва дуккакли дон экинлари илмий-тадқиқот институти, унинг Қашқадарё филиали ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар илмий-тажриба станцияларида 2020 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш ва суперэлита уруғлик дон етиштириш ҳажмларининг прогноз кўрсаткичлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 2020 йил ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган бошоқли дон етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратиладиган кредит ресурслари тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоровга ҳамда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Ваҳобовга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимларининг таклифлари асосида кредит ресурсларининг тасдиқланган кафолатли ҳажмларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси:

фермер хўжаликларининг шарт-шароитларини, шу жумладан, ерларнинг мелиоратив ҳолати, тупроқнинг балл-бонитети ва сув таъминотини чуқур таҳлил қилиб, ҳосилдорликни бир гектарга ўртача 70 центнердан фермер хўжаликлари кесимида белгилайди;

икки ҳафта муддатда фермер хўжаликлари билан дон корхоналари ўртасида 2020 йил ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун бошоқли дон харид қилиш бўйича контрактация шартномалари тузиш ишларини якунлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясига:

2020 йил ҳосили учун экиладиган кузги бошоқли дон экинларининг уруғларини етарли миқдорда нав ва авлодлар бўйича тозалаш, саралаш, дорилаш, қоплаш ва сертификатлаштириш;

суғориладиган майдонларда, асосан биринчи ва иккинчи репродукцияли ҳамда лалми майдонларда учинчи репродукциядан паст бўлмаган уруғлик донни экиш учун ишлатиш;

бошоқли дон етиштирувчилар мазкур қарор билан тасдиқланган бошоқли дон экинлари навларининг жойлаштирилишига қатьий амал қилишларини таъминлаш вазифалари юклатилди.

Товарбоп дон, районлаштирилмаган сифатсиз тайёрланган ва дориланмаган уруғларни экиш, республика ҳудудида экишга тавсия этилмаган навларни жойлаштириш, шунингдек, бошоқли дон экинларини етиштириш ва ишлов бериш қийин бўлган ерларга экиш қаиьиян тақиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларининг таклифлари асосида бошоқли дон экинлари қисқартирилаётган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинларини, биринчи навбатда, юқори даромад берадиган экспортбоп тўқсонбости сабзавот экинлари жойлаштирилишини ва ўз вақтида экилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда бошоқли дон экинлари қисқартирилаётган майдонлардан самарали фойдаланиш ва юқори даромад берадиган маҳсулотлар етиштириш ҳамда уларни экспорт қилиш юзасидан ҳар бир ҳудуд бўйича “йўл харита” ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Ваҳобов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари 2020 йил ҳосили учун экиладиган бошоқли дон экинлари қисқартирилаётган майдонларда юқори даромад берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан тўқсонбости усулида сабзавот экинлари тўлиқ экилишига шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси:

ҳар бир туман кесимида фермер хўжаликлари томонидан бошоқли дон экинлари қисқартирилаётган майдонлардан самарали ва оқилона фойдаланилишини, хусусан юқори даромад берадиган экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экилишини ва етиштирилишини;

бошоқли дон экинларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, белгиланган муддатларда экилишини, ер майдонларини зарур миқдордаги фосфорли ва калийли минерал ўғитлар билан бирга сифатли тайёрланишини, минерал ўғитлар ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини, агротехника тадбирлари, шу жумладан суғориш ишларини сифатли амалга оширилишини алоҳида назоратга олади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид