14:38 / 02.10.2019
0
10366

Чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Белгиланишича, аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонлари “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамиятининг ҳудудий филиаллари ҳамда бошқа суғурта ташкилотлари томонидан суғурта қилинади.

Низомга кўра, суғурта шартномаси қуйидаги суғурта таваккалчиликлари асосида тузилади:

қорамоллар, қўйлар, эчкилар, отлар, туялар, чўчқалар, паррандалар ва мўйнали ҳайвонлар учун - ёнғин, бўрон, довул, сел, сув тошқини, яшин уриши, зилзила, қаттиқ совуқ тушиши натижасида музлаб қолиши, электр токи уриши (ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаса), заҳарли ўтлар ёки моддалардан заҳарланиш, транспорт воситаларининг уриб кетиши, портлаш, кўчки, йиртқич ҳайвонлар ҳужуми, сувга ёки жарликка қулаш, ўғирланиш (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса), ўткир предметлардан зарар кўриш ёки нобуд бўлиш, касалликлар оқибатида нобуд бўлиши, ҳайвонлар ўлиши муқаррар бўлганда ёки касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлат ветеринария хизмати ходими ва маҳалла фуқаролар йиғини вакили иштирокида мажбуран сўйилиш;

асаларилар учун - ёнғин, бўрон, довул, сел, сув тошқини, яшин уриши, зилзила, қаттиқ совуқ тушиши натижасида музлаб қолиши, касалликлар оқибатида нобуд бўлиш, ўғирланиш (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса);

балиқлар учун - бўрон, довул, сел, сув тошқини, зилзила, касалликлар оқибатида нобуд бўлиш, мазкур жойга хос бўлмаган даражада ҳавонинг совуқ келиши, муз кўчиши, портлаш, балиқхўр қушлар (чайка, баклан) томонидан зарар етиши, учинчи шахс томонидан қасддан қилинган ҳаракат, ўғирлик (агар шу муносабат билан жиноят иши очилган бўлса).

Чорва ҳайвонларининг суғурта қийматига нисбатан суғурта пулининг энг юқори миқдори қуйидагича белгиланади:

қорамол, от, туя, чўчқа, қўй ва эчкилар учун 80 фоиз;

мўйнали ҳайвонлар учун 60 фоиз;

парранда, балиқ ва асалари учун 50 фоиз.

Жисмоний шахсларга тегишли чорва ҳайвонларининг суғурта қиймати бозор нархларидан келиб чиқиб, суғурталовчи ва суғурта қилдирувчининг келишувига асосан суғурта шартномасида белгиланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top