Жаҳон | 08:17 / 02.10.2019
4581
2 дақиқада ўқилади

Индонезияда парламент спикери лавозимини илк бор аёл киши эгаллади

Фото: Detik News

Индонезияда парламент қуйи палатаси – халқ вакиллари кенгаши спикери лавозимини илк бор аёл киши эгаллади. The Jakarta Post нашрининг ёзишича, ушбу лавозимни замонавий Индонезиянинг асосчиларидан бири ва миллий қаҳрамон Сукарнонинг набираси Пуан Махарани эгаллади.

“Ниҳоят, 74 йил ўтиб, парламентни аёл киши бошқаради. Умид қиламанки, бу мамлакатнинг кўплаб аёлларига ўзини турли соҳаларда намоён қилишдан қўрқмаслик лозимлигига ўрнак бўлади”, деб айтган 46 ёшли Пуан. Унинг онаси 72 ёшли Мегавати Сукарнопутри Индонезиядаги энг йирик партия – Индонезия кураш демократик партияси етакчиси ҳисобланади.  

Экспертларнинг таъкидлашича, яқингача инсон салоҳиятини ривожлантириш ва маданият масалалари бўйича координатор-вазир лавозимини эгаллаган Пуан 2024 йилги президент сайловларига асосий номзодлардан бирига айланди. Бундан ташқари, сиёсатшуносларнинг таъкидлашича, Пуан 2020 йилда онаси ўрнини эгаллайди.

Сукарно мамлакатни 1945 йилдан 1967 йилгача бошқарган, унинг қизи Мегавати Сукарнопутри Индонезиянинг илк аёл президенти ҳисобланади ва мамлакатни 2001 йилдан 2004 йилгача бошқарган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид