Ўзбекистон | 09:17 / 03.10.2019
7337
4 дақиқада ўқилади

Тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тасдиқланди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджет маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантирувчи ваколатли орган ҳисобланади.

Рўйхатга мувофиқ тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли молия йили учун “Соғлиқни сақлаш” моддаси бўйича ажратиладиган маблағлари доирасида молиялаштирилиши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

2019 йил 20 декабргача бўлган муддатда Рўйхатни ишлаб чиқади ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида 31 декабргача жойлаштиради ҳамда уларни келгуси йилларда ҳам шу муддатларда ҳар йили янгилаб боради;

республиканинг барча давлат тиббиёт муассасаларида Рўйхатдан тегишли кўчирмалар (давлат тилида ва рус тилида) мазкур муассасалар фаолияти ихтисослигига мувофиқ ҳар йили 31 декабргача мажбурий жойлаштирилишини таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

Низомга кўра, рўйхат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли молия йили учун “Соғлиқни сақлаш” моддаси бўйича назарда тутилган маблағлари доирасида тузилади ва тасдиқланади.

Қуйидагилар тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини аниқлаш принциплари ҳисобланади:

аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан фойдалана олиши;

бирламчи тиббий-санитария ёрдам тиббиёт муассасаларида кўрсатиладиган профилактика чора-тадбирлари ва тиббий хизматлар устуворлиги;

тиббий хизмат турларининг тиббиёт муассасалари даражалари бўйича табақаланиши, шунингдек, кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг мураккаблигига қараб уларни кўрсатиш изчиллиги;

тиббий хизматлардан фойдаланиш ва уларни тақдим этиш жараёнининг ошкоралиги.

Рўйхатга тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларини киритишда қуйидаги мезонларга риоя этилишини таъминлаш керак:

молиялаштиришда аҳоли саломатлиги кўрсаткичларининг юқори даражасига эришишни, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларини бажаришни таъминлайдиган тиббий ёрдам турларига кўпроқ эътибор берилади;

тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари устувор тартибда профилактика, реабилитация тадбирлари ва паллиатив ёрдам хизматларини қамраб олиши, шунингдек, ўлим ва ногиронлик кўрсаткичлари бўйича етакчи бўлган асосий касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволашга қаратилган бўлиши керак.

Рўйхат ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда, тегишли молия ва режали давр учун Давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан кейин 15 кундан кечикмай ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Рўйхат тиббий ёрдамнинг қуйидаги турлари бўйича шакллантирилади: 

шошилинч тиббий ёрдам;
режали тиббий (шу жумладан бирламчи тиббий-санитария) ёрдам; 
ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) тиббий ёрдам; 
паллиатив тиббий ёрдам.

Рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, шу жумладан дори-дармонлар, сарфлаш материаллари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киритилади.

Мавзуга оид