Ўзбекистон | 10:00 / 05.10.2019
23591
3 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов россиялик генерал-лейтенант Олег Барановга таклиф билан чиқди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов юртимизга ташриф буюрган Россия ИИВ делегацияси аъзоларини қабул қилди.

Учрашувда Россия Федерацияси ИИВнинг Москва шаҳри бўйича бош бошқармаси бошлиғи, полиция генерал-лейтенанти О.Баранов, Россия Ички ишлар вазири ёрдамчиси, полиция полковниги Ирина Волк ҳамда Россия ИИВнинг Ўзбекистондаги расмий вакили, полиция полковниги Е.Федотов иштирок этди.

Вазир Пўлат Бобожонов мулоқот чоғида, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик алоқалари мустаҳкам ва кенг истиқболга эга эканини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолияти, мамлакатимизда, жумладан, ички ишлар органларида олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар, ижтимоий янгиланишлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири яқин келажакда МДҲ давлатлари Ички ишлар вазирлари кенгашига МДҲга аъзо давлатларнинг пойтахтлардаги ички ишлар органлари ва полиция раҳбарлари йиғилиши каби форматни яратиш, биринчи мажлисни эса Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида таклиф киритилиши режалаштирилаётганини билдирди. 

Шу билан бирга, сўнгги йилларда Москва шаҳрида амалга оширилаётган янгиланишлар бўйича Россия тажрибасини ўрганиш зарурати, пойтахт минтақасининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш, Москванинг марказий ҳудудларидаги хиёбонлар, пиёдалар йўлакларини реконструкция қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар алоҳида қайд этиб ўтилди. «Хавфсиз шаҳар», «Хавфсиз ҳовли», «Хавфсиз мактаб» каби лойиҳалар, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва метро қурилишига инновацион ёндашув, аҳолининг фуқаролик фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар, шунингдек, нафақат Москва шаҳрида, балки Россиянинг бошқа ҳудудларида жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар алоҳида аҳамиятга эгалиги эътироф этилди.

Вазир Россия Федерацияси ИИВнинг Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш хизматлари фаолиятига юқори баҳо берди ва Россия делегацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Матбуот хизмати ходимлари учун юқори ташкилотчилик ва профессионал даражада ўтказилган маҳорат дарслари учун Ирина Волкка самимий миннатдорлик билдирди.

Ўз ўрнида, Россия Федерацияси ИИВнинг Москва шаҳри бўйича бош бошқармаси бошлиғи, полиция генерал-лейтенанти О.Баранов илиқ ва самимий қабул учун ташаккур билдириб, трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишни ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири, дея қайд этди. 

Мавзуга оид