Ўзбекистон | 10:54 / 07.10.2019
9949
4 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: Аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади, янгича тартиб ўрнатилади

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар аҳолига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

наркология хизматини бошқаришнинг самарали вертикал интеграциялашган ташкилий тузилмасини ташкил этиш;

наркология хизматининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш, наркология муассасаларини тиббиёт асбоб-ускуналари ва инвентар билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) орқали наркология хизматининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

наркология хизматини малакали кадрлар билан таъминлаш, шу жумладан нарколог-шифокорларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволашнинг замонавий методикалари ҳамда технологияларини жорий этиш, ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар олиб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика наркология маркази негизида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг асосий вазифалари ва фаолиятининг йуналишларн этиб белгиланди:

наркологик касалликларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволашни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, наркология хизмати муассасаларининг фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш;

наркологик касалликларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволашнинг, психоактив моддаларга қарам бўлиб қолган шахсларни реабилитация қилишнинг замонавий методикалари ва технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишга қаратилган илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;

ушбу соҳада фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш;

биргаликда илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини бажариш, шифокор кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, биргаликда илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун чет эллик профессорларни илмий фаолиятга, шунингдек, халқаро грантларни жалб қилиш;

жорий наркологик вазиятга эътибор қаратиш бўйича ўз вақтида муносиб чоралар кўриш учун таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида шерик ташкилотлар, шу жумладан хорижий йирик ташкилотлар билан ҳамкорликда наркологик касалликлар тарқалишини, психоактив моддалар истеъмол қилиш моделлари ўзгаришини баҳолашга қаратилган даврий тадқиқотлар ўтказиш.

Белгилаб қўйилишича:

Марказ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика наркология марказининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Қорақалпоғистон Республикаси Республика наркология диспансери, вилоятлар ва Тошкент шаҳар наркология диспансерлари Марказнинг ташкилий-услубий ҳудудий бўлинмалари ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, фаолият ихтисослиги бўйича ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишдан тушадиган даромадлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар наркология муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ жамоат жойларида маст ҳолатда бўлган шахслар, агар уларга тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолатларда (алкоголдан оғир заҳарланиш ҳолатлари бундан мустасно), Қорақалпоғистон Республикаси Республика наркология диспансери, вилоятлар ва Тошкент шаҳар наркология диспансерлари ҳузуридаги тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келиниши керак.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳар наркология диспансери қошида маст ҳолатда бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктини бир ой муддатда ташкил этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид