Карим Бензема бир гол учун ўнлаб вазиятларни қурбон қилаётган пайтда, Мадрид жамоаси мухлислари айнан Йович сингари совуққон ҳужумчини орзу қилишгани бор гап. Олтмиш миллион еврога баҳоланган ушбу трансфер ҳам кўпчиликнинг умидига сабаб бўлганди. Тўғри, ҳозирча Зидан Бенземага ишонишда давом этмоқда, Йович эса, ҳатто ижарага бериб юборилиши ҳақидаги гап сўзлар ҳам пайдо бўлди. Аммо қуйидаги ҳикояни ўқисангиз, қаҳрамонимиз осонликча ўз имкониятини қўлдан бой бермаслигига амин бўласиз. Сербиялик ёш ҳужумчи The Players Tribune лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди.

«Баъзида, мен туғма шундайман, деб ўйлаб қоламан. Бу ҳаётда ҳамманинг ўзига яраша иқтидори бор, меники эса, менимча, гол уриш.

Айнан ҳужумчи бўлиб ўйнашни қачондан бери хоҳлаганимни эслолмайман, аммо доим гол уриш мен учун муҳим бўлгани аниқ. Болалигимда 2006 йилгача бўлган барча жаҳон чемпионатларида урилган голлар тўпланган видеокассетам бўларди. Роже Милланинг голлари мени ўзига мафтун этган, ва албатта, Роналдо – ҳақиқий Роналдонинг дарвозабонлар қаршисида қандай зарба беришидан ҳайратланардим. Роналдо буни худди фокус кўрсатаётган сеҳргардек тезликда амалга оширар, мен уйда худди шундай тепишни тинмай машқ қилардим. Унинг услуби ва ўзига бўлган ишончи менга ўз таъсирини кўрсатган.

Менимча, гол уришга бўлган қизиқишимни биринчи мураббийларим ҳам сезишганки, илк машғулотлардаёқ мени рақиб дарвозаси олдида ўйнатишганди. Отам мени Лозницадаги маҳаллий футбол клубига олиб борган, эсимда, у ерда ҳамма жой кўк рангга бурканганди. Майдон атрофидаги тўсиқлар ҳам кўк, ён тарафдаги кичик меҳмонхона биноси ҳам шу рангда. Ёш боламан, хаёлимда, дунёдаги барча футбол майдонлари ҳам мана шундай кўк рангда эди. Қачонки, «Црвена Звезда» скаутлари мени пайқашгачгина, билдимки, футбол оламида бошқа ранглар ҳам бор экан. У пайтда ҳали энди саккиз ёшдаман, мени келажакда яна қандай ранглар кутаётганини билмасдим.

Мен Батар номли жойда ўсганман. У ерни билмайсиз, хижолат бўлманг. Ростанам у ер жуда кичик жой – атиги 105та уй бор, холос. Аммо мен учун ўзига хос жой. Бир куни батарлик одам «қишлоғим Париждан ҳам чиройли» деганди. Бу ҳақиқат. У ернинг одамлари асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишади ва агар гаплашсангиз, фақат икки нарсага ишонишларига гувоҳ бўласиз: қаттиқ меҳнат қилиш ва орзу. Деярли бутун батарликлар фарзандларининг коллежда ўқиб, каттароқ шаҳарга ишга жойлашиши учун пул йиғишади.

Мен билан ҳам шундай бўлган. Ота-онам ҳаётда ўз ўрнимни топишим учун кўп ишлашарди. Улғайганимда отамнинг магазини бор эди. Агар қайсидир пайтда аҳволи яхши бўлмаса, банкдан кредит олар ва ҳар куни мени машғулотларга олиб боришни канда қилмасди. Россияда ишлайдиган амаким эса, оиламиз молиявий аҳволидан хабар топса, дарров менга бутса ва крассовкалар, отамга эса, пул жўнатарди. Менимча серб оилалари мана шундай аҳил, жуда яқин бўлади. Бошқа иложи ҳам йўқ.