Украина дронлари якшанба куни Россиядаги бир нечта ҳарбий аэродромларга зарба берди. BBC Украина хизматининг Украина хавфсизлик кучларидаги манбаси маълумотларига кўра, Россия босқини давридаги энг йирик ҳужум натижасида 40 дан ортиқ самолёт, жумладан, А-50, Ту-95 ва Ту-22 М3 самолётлари аниқ нишонга олинган. Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг Россия ҳарбий аэродромларига ҳужумини тасдиқлади ва «бир нечта авиация техникаси» ёниб кетганини маълум қилди.

Россия ҳарбий идораси маълумотларига кўра, Россиянинг бешта региони – Мурманск, Иркутск, Иваново, Рязан ва Амурдаги ҳарбий аэродромлар дронлар ҳужумига учраган.

Россия мудофаа вазирлиги бу зарбаларни «Киев режими томонидан амалга оширилган теракт» деб атади.

Идора хабарида Иваново, Рязан ва Амур областларидаги ҳарбий аэродромларда барча ҳужумлар қайтарилгани иддао қилинган.

Иркутск ва Мурманск областларидаги ҳарбий аэродромларда FPV-дронлари ҳужумидан сўнг бир нечта авиация техникаси ёниб кетди, дея маълум қилди Россия мудофаа вазирлиги шикастланган самолётлар сонига аниқлик киритмасдан.

«Ёнғинлар бартараф этилди. Ҳарбий хизматчилар ва тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ», – дея маълум қилди ҳарбий идора ва ҳужумнинг айрим иштирокчилари қўлга олинганини қўшимча қилди.

Украина хавфсизлик кучлари Россия авиацияси йўқотишлари ҳақида

Украина хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Украина дронларининг Россия авиабазаларига ҳужуми натижасида стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи зарар кўрган.

«7 млрд АҚШ доллари. Бугун УХХнинг „Ўргимчак тўри“ махсус операцияси натижасида зарбага учраган душман стратегик авиациясининг тахминий қиймати шундай», – дейилади УХХ телеграм-каналида.

Айрим маълумотларга кўра, дронлар Россия ҳудудидан учирилган – улар юк машиналаридан учиб чиққан. УХХдаги манбанинг ёзишича, «Оленя» (Мурманск области), «Белая» (Иркутск области), «Иваново» (Иваново области) ва «Дягилево» (Рязан области) авиабазалари ҳужумга учраган.

Интернетда Малюкнинг «Ўргимчак тўри» операцияси схемаси билан бирга тушган сурати тарқалган.

Ҳужумга учраган регионлар расмийлари нималар деди?