12:49 / 10.10.2019
0
6393

«Ноқонуний ҳаракатлар» аслида ҳам ноқонунийми?». «Ўзтрансгаз» Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарига жавоб қайтарди

Фото: ТАСС/FA Bobo/PIXSELL/PA Images

Аввалроқ, газ соҳасидаги монополистнинг 188 миллиард сўмлик ноқонуний ҳаракатларига барҳам берилгани тўғрисида хабар берилганди. Унда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан амалга оширилаётган назорат ишлари доирасида ноқонуний ҳаракатлар аниқланаётгани маълумотлар ва ҳудудлар кесимида рўйхат келтирилган.

“Ўзтрансгаз” мутахассислари фикрича, мақолада келтирилган фактларни нотўғри деб бўлмайди. Аммо, “188 миллиард сўмлик ноқонуний ҳаракатлар” деган жумла ноўрин қўлланилган. Амалдаги меъёрий ҳужжатлар бўйича барча улгуржи истеъмолчиларга шартномавий талаблар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги ВМҚ-22-сон қарори билан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”ида келтирилган талабларга кўра табиий газ етказиб берилади ва шу газ учун белгиланган тарифлар бўйича тўловлар амалга оширилади.

Юқоридаги қарорнинг 2-иловасига асосан тасдиқланган “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари”нинг 111 бандида истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин шартномада кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 100 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотига олдиндан тўловларни амалга оширишлари белгиланган.

Ушбу банднинг 2-хат бошига асосан Бюрога билдирги тартибида мурожаат қилинган ҳолда ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин ҳисоб-китобни 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга ошириши мумкин, ҳамда амалда истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун якуний ҳисоб-китоб ҳисобот ойининг охиригача амалга оширилиши белгиланган.

Қарорнинг 107-моддасида табиий газ учун истеъмолчининг тўлов муддати ўтган қарзи мавжуд бўлган тақдирда, унинг аванс тўлови ҳисобига ўтказилган маблағлари истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, тўлов муддати ўтган қарзни тўлашга йўналтирилади ва аванс тўлови сифатида ҳисобга олинмаслиги қайд этилган.

Лекин истеьмолчилар, меъёрий ҳужжатлар ва шартнома талабларини бажармасдан, яъни ҳисобот ойи тугагандан кейин келгуси ойнинг 10 санасигача якуний ҳисоб-китобларни бажармасдан, ўтган ҳисобот ойи учун дебитор қарздорлиги мавжуд бўла туриб, нарх-навонинг ўзгаришини билган ҳолда келгуси ойнинг 14 санасида тўловни амалга ошириш ҳолатлари кузатилган. Яъни, ҳисобот ойи учун якуний ҳисоб-китобларни таъминламасдан, 14 санадаги тўловни келгуси ой учун аванс тўлови деб эътироф этилган ҳолатлар аниқланган. Бу эса ҳисоб китобларнинг аниқлигига шубҳа уйғотади, дейилади “Ўзтрансгаз” муносабатида.

Қайд этилишича, келтирилган ҳолатларда республикадаги газ таъминоти корхоналари томонидан улгуржи истеъмолчилар билан шартнома имзолаш даврида истеъмолчиларнинг фаолият йўналишлари белгиланмаган. Айрим улгуржи истеъмолчилар мисолида кўрилса, улар ўз уйида оилавий корхона шаклида ресторан ёки кафеларни ташкил этишган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг №ПҚ-3379-сонли қарорида табиий газ оширилган тарифларда сотилиши белгиланган истеъмолчилар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатда ресторан ва кафеларга ҳам 1 куб.метр табиий газ учун 1000 сўмдан ҳисоб-китоб қилиниши кўзда тутилган. 

“Аммо, ҳозирги кунда энергоресурсларнинг нархлари табақаланган тарзда оширилиши муносабати билан истеъмолчилар, айниқса ресторан ва кафелар оилавий корхона шаклида қайта рўйхатдан ўтмоқда. Бунинг сабаби Ўзбекистон Республикасининг “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунидаги 28-моддасига асосан оилавий корхона турар жойдан бир вақтнинг ўзида унда истиқомат қилган ҳолда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, коммунал инфратузилма хизматлари, яъни табиий газ ҳақини аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида амалга оширади.

Биргина 2018 йил давомида нархларнинг табақаланиши оқибатида, 12 мингта хусусий корхона - оилавий корхона сифатида қайта рўйхатдан ўтган. Бу эса тадбиркорларнинг имтиёзли нархларда табиий газ тўловларини амалга ошириш учун қилган хатти-ҳаракатларидир”, - дейилади ширкат маълумотида.

Истеъмолчилар ўз Низомларида асосий фаолият турларидан ташқари яна бир қанча фаолият турларини кўрсатиб ўтишган. Аммо меъёрий ҳужжатларга асосан истеъмолчиларнинг фаолият турлари ўрганилганда, истеъмолчиларга оширилган нархларда табиий газ сотилиши лозимлиги аниқланаётгани айтилади. 

Билдирилишича, бу улгуржи истеъмолчилар томонидан олдиндан тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлиги туфайли келиб чиққан англашилмовчиликлар бўлиши ёки ҳисоб-китобларни амалга оширишда методологик ёндашувдаги хатолик бўлган бўлиши ҳам мумкин. 

“Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ажримларида газ таъминоти корхоналарига бир ой ичида қайта ҳисоб-китобларни амалга оширилиши белгиланган. Газ таъминоти корхоналари томонидан табиий газдан мавсумий ва доимий фойдаланадиган истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга асосан аниқланган миқдорлар қайта ҳисоб-китоб қилинади. Аванс тариқасида тўланган тўловлар миқдори келиб чиқса, бу тўловлар миқдори корхоналарнинг кейинги даврда оладиган табиий газ ҳажмлари учун ҳисоб-китоб қилиниши мумкин.

Хулоса шуки, шартномада кўрсатилган шартларга истеъмолчи ва таъминотчи  бирдек 100 % амал қилиши керак. Шундагина, ўтказилган текширувлар аниқ ва холис кечишига эришиш мумкин”, - дейилади муносабатда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top