Ўзбекистон | 11:57 / 12.10.2019
10269
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қанча дарахт ноқонуний кесилди?

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

2019 йилнинг ҳозирги даврига қадар республика бўйича дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ҳолат аниқланган. Бу 2017 йилга қараганда 56 фоизга ортиқ. Ҳуқуқбузарларга нисбатан жами 4 млрд. 524 млн. сўм миқдорида жарима қўлланилган, аммо 1800дан зиёд маъмурий иш юзасидан 3 млрд. 72 млн. сўм маблағ ундирилмаган. Мазкур ҳолат бўйича Сенатнинг 23-ялпи мажлисида ахборот берилди. 

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиевга кўра,  ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда дарахтларни ноқонуний кесиш бўйича Сурхондарёда 509та, Қашқадарёда 368та, Бухорода 271та, Фарғонада 224та, Хоразмда 187та, Самарқандда 161та, Тошкент шаҳрида 203та ҳолат аниқланган.

“Бу каби салбий ҳолатлар аҳолининг экологик-ҳуқуқий маданияти даражасининг пастлиги, браконьерларнинг ўз манфаати ва эҳтиёжлари йўлида ўсимлик дунёси объектларидан ноқонуний тарзда фойдаланиши  оқибатида  содир бўлмоқда. Дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари фақатгина туман ва шаҳарларда эмас, балки ўрмон фонди ерларида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, Бойсун туманидаги 70-80 фоизи ўрмон билан қопланган 35 минг 400 гектар майдон фермер хўжаликларига тарқатиб юборилган. Бу ерлардан фойдаланиш жараёнида Қизил китобга киритилган 100–150 йиллик “Зарафшон” арчаларига зарар етказилмоқда”, — дейди сенатор.

Қайд этилишича, ўрмон фонди ерларида дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари ўрмон хўжалиги органлари мансабдор шахслари томонидан ҳам содир этилмоқда. Хусусан,Чироқчи туманидаги “Еттитом” ўрмон фондига тегишли бўлган 3,5 гектар майдонда Қашқадарё ўрмон хўжалиги ходимлари томонидан 2018 йил декабрь ойида жами 194 туп дарахт қонунга хилоф равишда ҳеч бир ҳужжатсиз кесиб кетилган. 

Ялпи мажлисда маълум қилинишича, шаҳар ва аҳоли пунктларида дарахтларни парвариш қилиш, улардаги турли касалликларга қарши курашиш фаолияти яхши йўлга қўйилмаган, натижада дарахт ва буталар биологик, санитария жиҳатидан ачинарли ҳолатга келиб қолган. Дарахтлар ҳолати учун жавобгар мутасадди ташкилотлар ҳисоботларда касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишлари 100 фоизга бажарилди, деб кўрсатилган, аммо амалда иш бажарилмаган. 

Баҳодир Тожиевга кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахт ва буталарни кесиш бўйича рухсатномалар реестрини юритиши, уни ўз расмий веб-сайтига жойлаштириши белгиланган, лекин бу тартиб ҳали жорий қилинмаган.

Мавзуга оид