Жамият | 21:31 / 12.10.2019
9981
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари: «Дарахтларни илдизи билан кўчириб ўтқазиш амалиёти қўлланилмоқда»

Дарахт ва буталарни кесишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши масаласи Сенатнинг 23-ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Даврон Ҳидоятов пойтахтдаги дарахт кесилиш ҳолатлари бўйича ахборот берди.

Ҳоким ўринбосарига кўра, 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида 28,800та дарахтни кесиш бўйича 1914та мурожаат келиб тушган. Мазкур дарахтларнинг ҳолати жойларга чиқиб ўрганилиши натижасида 864та мурожаатга, яъни 10,700та дарахтни кесишга расмий рухсат берилган. Шулардан 4850таси қуриган дарахтлар бўлиб, қолганлари эса қурилиш ишлари талаби билан кесилган.

“Дарахтларни имкон қадар сақлаб қолиш масаласи Тошкент шаҳар ҳокими томонидан жиддий кўриб чиқилган. Ўрни келганда, муайян ҳудудларда дарахтларни кесиш бўйича чиқарилган эски қарорлар бекор қилиняпти. Экологик ҳимоя бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилган бўлиб, ижтимоий тармоқларда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатлари бўйича ахборот чиққанда, дарҳол воқеа жойига бориб ҳолат ўрганилади, тегишли чора кўрилади. Қурилиш ёки йўл тушиши натижасида дарахтни кесишга тўғри келса, бошқа ҳудудга 10 баравар кўпроқ қилиб дарахт экилади”, − дея таъкидлайди Даврон Ҳидоятов.

Ҳоким ўринбосарининг баёнотига кўра, Тошкент шаҳрида 10 ёшгача бўлган дарахтларни илдизи билан хавфсиз тарзда кавлаб олиб, бошқа жойга ўтказиш амалиёти жорий қилинмоқда.

“Ўтган йили дарахтларни хавфсиз тарзда илдизи билан кўчириб ўтказиш имконини берувчи 4та махсус техника олиб келинди. Йўл тушадиган, қурилиш ишлари олиб бориладиган ҳудуддаги дарахтларни кесмасдан, мазкур техникалар ёрдамида бошқа жойга кўчириб ўтказиш жорий қилинмоқда. Бу амалиёт босқичма-босқич кенгайтирилиб, такомиллаштириб борилади”, − дея қўшимча қилди Даврон Ҳидоятов.

Мавзуга оид