Сеулдаги танловда ғолиб чиққан ўзбекистонлик мактаб битирувчиси энг нуфузли корейс университетида ўқийдиган бўлди
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 42-мактаб битирувчиси Азим Бекмирзаев Сеулда ўтказилган корейс тилидаги «Нотиқлик санъати» танловида ғолиб чиқиб, Кореянинг нуфузли университетларидан бирида грант асосида ўқиш имкониятини қўлга киритди.
Дунёнинг кўплаб давлатларида фаолият юритувчи Қирол Сежонг мактаби ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган нотиқлик санъати танловининг 2019 йилги финал босқичи 7 октябрь куни Корея миллий музейи биносида бўлиб ўтди.
Kun.uz`нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов берган хабарга кўра, танловнинг финал босқичида АҚШ, Германия, Франция, Испания, Россия ва Ҳиндистон каби 12та давлат вакиллари ғолиблик учун курашди. Қатнашчиларнинг ёши чегараланмаган бўлиб, улар «Кореянинг ўзига хослиги», «Корея танлови» ва «Корея ҳиссиёти» мавзулари асосида ўз маҳоратларини кўрсатдилар.
Бундан олдин танловнинг дастлабки босқичи Қирол Сежонг мактабининг дунё бўйлаб 47та давлатдаги 113та филиали ўқувчилари орасида ташкил этилган ва ғолиблар аниқланган. Регламентга кўра, Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган финал босқичига йўлланма бериш мақсадида, юқоридаги ғолиблар билан қайтадан суҳбат ўтказилган ва 12 давлатдан иштирокчилар танлаб олинган.
Танловнинг Ўзбекистондаги саралашида биринчи ўринни олиб, ҳал қилувчи босқичга чиққан Азим Бекмирзаев Сеулдаги финалда ҳам мутлақ ғолиб бўлди. Иккинчи ўрин АҚШ, учинчи ўрин Эрон вакилига насиб этди.
Белгиланганидек, уч нафар совриндорга Жанубий Кореянинг топ-университетларидан бирида таҳсил олиш имконияти берилди. Улар қуйидагилар: Сеул миллий университети, Корея университети, Кўкмин университети, Бусан халқаро фанлар университети, Донгшин университети, Сунгкюнгкван университети, Соганг университети ва Эвҳа аёллар университети.
Маълумот учун, 19 ёшли Азим Бекмирзаев Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида туғилган. У мазкур туманда жойлашган 42-мактабнинг 11-синфини шу йил тамомлади. Ғолибга берилган имтиёздан фойдаланган ҳолда, Азимжон нуфузи бўйича Кореяда биринчи, дунёда 47-поғонада турувчи Сеул миллий университетида таҳсил олишни режалаштирмоқда.
Бекмирзаев, шунингдек, жорий йилда Кореянинг Асан шаҳрида жойлашган Соончунгҳянг университетига киришга муваффақат бўлган эди, аммо танловнинг финал босқичида қатнашиш мақсадида ўқишдан воз кечишга тўғри келган. Чунки регламентга кўра, Кореяда таҳсил олаётган талабаларга корейс тили нотиқлик санъати бўйича мусобақада қатнашиш мумкин эмас.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Сеулдаги танловда ғолиб чиқиб, 10 минг доллар соҳиби бўлган эди.
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024