Иқтисодиёт | 16:09 / 15.10.2019
8202
3 дақиқада ўқилади

МБ: Захира активлари 27,9 млрд долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Бу 13 ойлик импортни молиялаштиришга етади

Фото: Soe Zeya Tun / Reuters

Марказий банк томонидан 2019 йилнинг 9 ойи якуни бўйича дастлабки тўлов баланси тайёрланди

Таъкидланишича, тўлов баланси тезкор маълумотлар ва экспертлик баҳолашлари асосида тузилганлигини инобатга олиб, ундаги айрим кўрсаткичлар якуний маълумотлар билан фарқ қилиши мумкин.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 50 фоизга (3,1 млрд. доллардан) камайиб, 2019 йилнинг 9 ойида 1,6 млрд. долларни ташкил қилади.

Жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг биржа товарлари учун мақбул нархлар шаклланганлиги товарлар экспорти ҳажмини 11,1 млрд. долларгача ўсишига замин яратди (ўтган йилнинг мос даврида – 7,3 млрд. доллар). Товарлар экспортининг ўсганлиги маҳсулотларни хорижга юклаб жўнатиш ҳажмининг ошиши билан бир қаторда унинг қиймати ўсиши билан ҳам боғлиқдир.

Товарлар импорти ўтган йилнинг мос даврига (12,7 млрд. доллар) нисбатан 15,6 млрд. долларга етди. Импортнинг энг салмоқли ўсиши (мос равишда 21 фоиз ва 26 фоиз) машина ва ускуналар ҳамда транспорт воситалари (жами импортнинг 32 фоизи) тўғри келиб, жами импортнинг 13 фоизини ташкил қилди. Натижада, савдо балансининг салбий сальдоси 2018 йилнинг 9 ойига нисбатан 17 фоизга яхшиланиб, 4,5 млрд. долларни ташкил этди.

Бирламчи даромадлар ва трансфертларнинг ижобий сальдоси трансчегаравий пул ўтказмаларининг (4,2 млрд. доллар) мутаносиб ўсиши ҳисобига 13 фоизга ошди. Ўз навбатида, норезидентларнинг инвестицион даромадлари (ссудалар ва хорижий инвестициялар) 5,6 фоизга ўсиб, 1,4 млрд. долларга етди.

Молиявий ҳисоб (резерв активлари амалиётларидан ташқари) дастлабки маълумотларга кўра, манфий сальдони ташкил қилиб, 5,3 млрд. долларга етади (ўтган йилнинг мос даврида 0,7 млрд. доллар). Капиталнинг соф кирими давлат бошқаруви сектори операциялари ҳамда хорижий кредит линиялари жалб қилиниши, шунингдек Ўзбекистоннинг суверен облигациялари жойлаштирилиши билан боғлиқ.

Захира активлари 2019 йилнинг 1 октябрь ҳолатига 27,9 млрд. долларни ташкил қилиши кутилмоқда ва бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг қарийб 13 ойлик импортини молиялаштириш учун етарли (тавсия қилинган даража 3 ой).

Ўзбекистоннинг 2019 йилнинг 9 ойлик тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзининг кўрсаткичларининг якуний ҳисоботи ТБҚ6 методологиясига мувофиқ тузилиб, фойдаланувчиларга 2019 йилнинг декабрь ойи якунига қадар тақдим қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид