Ўзбекистон | 18:34 / 18.10.2019
4487
2 дақиқада ўқилади

Германия ишбилармон доиралари вакиллари Андижонга ташриф буюради

19-20 октябрь кунлари Андижонга Германиянинг ишбилармон доиралари вакиллари ташриф буюради, улар «Open Andijan» халқаро инвестиция форумида иштирок этади. Ташриф Ўзбекистоннинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси ва Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, делегация таркиби қишлоқ хўжалиги техникаси, автомобилсозлик, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, банк ва консалтинг хизматлари соҳаларида иш олиб бораётган 20 дан ортиқ немис компаниялари вакилларидан иборат.

Делегация аъзолари орасида «Commerzbank» ва «Landesbank Baden-Württemberg», «Trützschler GmbH & Co. KG», «Max Holder GmbH», «ABM Anlagenbau und Maschinentechnik GmbH», «Gühring GmbH», «SR Business Germany», «ITM Investment Trade Marketing GmbH», «Rödl&Partner» и «RSP-i» каби етакчи банклар ва компаниялар вакиллари бор. 

Германиялик ишбилармонларнинг бўлажак тадбирда иштирок этишдан мақсади Андижон вилоятининг инвестиция ва экспорт салоҳияти билан бевосита танишиш, шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатишдир.

Бизнес-форум доирасида Германия ишбилармон доиралари вакиллари ўзбекистонлик шериклари билан G2B ва B2B форматларида икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган бўлиб, якунда аниқ инвестиция лойиҳалари ва экспорт шартномалари бўйича келишувларга эришиш кутилмоқда.

Ҳозирги вақтда Андижон вилоятида Германия сармояси иштирокида умумий қиймати 200 миллион евродан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Германия компаниялари Қўрғонтепа туманида трикотаж фабрикасини модернизация қилиш ва тозаланган ўсимлик мойи ишлаб чиқариш заводини қуриш, Хўжаобод туманида транспорт-логистика марказини барпо этиш, Шаҳрихон туманида қуритилган мевалар ва зираворлар ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид