Жаҳон | 01:17 / 19.10.2019
12737
2 дақиқада ўқилади

Трамп аёл фазогирларни табриклаш учун очиқ коинотга қўнғироқ қилди 

АҚШ президенти Дональд Трамп НАСАнинг аёл фазогирлари Кристина Кук ва Жессика Мейрни очиқ коинотга бир вақтда чиққан икки аёл фазогир бўлишгани билан табриклагани улар очиқ коинотда ишлашаётганда қўнғироқ қилди.

Фото: AP

Трамп ва Халқаро коинот станцияси ташқарисида ишлаётган астронавтлар ўртасидаги алоқа бироз кечикиш билан борган. “Станция, бу президент Дональд Трамп. Мени эшитяпсизми?” деб сўраган президент ва алоқадаги ушланиш сабабли бир неча сониядан кейингина Мейрнинг “Ҳа. Сизни эшитяпмиз” деб жавоб қилганини эшитган. 

“Мен индамаганингизга бироз хавотирландим, сиз қизиқ жойдасиз”, деб ҳазил қилган Трамп ва табрикнинг расмий қисмига ўтган. Журналистларнинг таъкидлашича, охирги марта АҚШ президенти коинотдаги астронавтлар билан 1969 йилда америкаликларнинг Ойга қўниши вақтида суҳбатлашган.   

“Бу икки аёлнинг илк бор бир вақтда коинот станциясидан ташқарида бўлиши, бортмуҳандислар Кристина Кук ва Жессика Мейр бу билан сизларни табрикламоқчиман. Сиз қилаётган иш ақлбовар қилмасдир, сиз жуда довюрак инсонларсиз, мен ўрнингизда бўлганимда буни қила олардим, деб ўйламайман”, деб айтган Трамп.

Ўз навбатида, Жессика Мейр “очиқ коинотда уларгача бошқа аёллар ҳам бўлганини, ҳозир шунчаки икки аёл фазогир бир вақтда станциядан ташқарида ишлаётганини” таъкидлаб ўтган.

Оқ уй билан алоқа якунлангач, аёл фазогирлар очиқ коинотда станцияга хизмат кўрсатиш бўйича топшириқларни бажаришни давом эттиришган. 

Фазогирлар станцияни Тошкент вақти билан соат 17да тарк этишган. Улар станциянинг АҚШга тегишли сегментида энергоблокни алмаштириш бўйича иш олиб боришган. 

Кук ва Мейр очиқ коинотга чиққан 14- ва 15-аёл фазогир бўлди. Аёл фазогирлардан биринчи бўлиб очиқ коинотга собиқ иттифоқ фазогири Светлана Савицкая 1984 йилда чиққан.

Мавзуга оид