АҚШ Сурия шимолидаги авиабазасини портлатди – ОАВ
АҚШ Сурия шимолидаги Ал-Кулаиб ҳарбий-ҳаво кучлари базасини тўла йўқ қилди. Америка бошчилигидаги халқаро коалициянинг самолёт ва вертолётлари фойдаланиб келган авиабазадаги учиш-қўниш йўлаклари ҳам бузиб ташланди, деб хабар тарқатди SANA.
Манбада айтилишича, америкаликлар Ал-Хасака вилоятидаги, Евфрат дарёси дамбаси яқинидаги ҳарбий шаҳарчани ҳам шошилинч равишда тарк этишган.
Аввалроқ Пентагон Суриядаги мингга яқин ҳарбийларини Ироқ ғарбига кўчириб ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.
Business Insider маълумотига кўра, чоршанба куни америкаликлар Раққа вилоятидаги собиқ цемент заводи ўрнида бўлган ҳарбий базани ликвидация қилишда илк маротаба авиациядан фойдаланган. Хусусан, F-15 қирувчиларининг ракета зарбалари билан базада қолдирилган техника ва ўқ-дорилар йўқ қилинган.
АҚШ президентининг антитеррор коалициядаги собиқ махсус вакили Бретт Макгергнинг сўзларига кўра, «фавқулодда ҳолатларда ойнани синдириш» принципи асосида шундай йўл тутилган. «Бундай операция анчагина ноқулай сценарийларда қўлланилади», – деган у.
Маълумот учун, АҚШ Сурия шимолидаги базалар билан ИШИДга қарши курашда курдларга фаол кўмак бериб келган эди.
Ўтган ҳафта Туркия Сурия билан чегарада «хавфсиз ҳудуд» яратиш мақсадида ҳарбий операция бошлади. Жанубдан эса Россия воситачилигида келишувга эришган курдлар ва Сурия расмий ҳукумати кучлари шимолга томон ҳаракатлана бошлаган. Натижада АҚШ ҳарбийлари дастлаб Манбиж ва Кобани шаҳарларидан чиқиб, кейинроқ Алеппо ва Раққа вилоятларини тўлиқ тарк этди.
SANA агентлиги 20 октябрь куни АҚШнинг Манбиж жануби-ғарбидаги ташлаб чиқиб кетилган Ал-Саидия базасидан суратларни эълон қилди.
Мавзуга оид
15:44
АҚШда жарроҳ робот видеога қараб операция қилишни ўрганди
14:22
АҚШ: КХДР аскарлари аллақачон Украинага қарши урушда қатнашмоқда
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024