Ўзбекистон | 12:50 / 21.10.2019
35452
9 дақиқада ўқилади

Актам Ҳайитов: «ЕОИИни СССРга қиёслаш тўғри эмас»

Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлиснинг Қонунчилик Палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Одатда сиёсий жараёнларда ўзларини сездирмайдиган Ўзбекистонда мавжуд бешта партия бугунги кунда анча фаол. Турли тадбирлар уюштиришмоқда, сайловолди тарғиботга эътибор бермоқдалар.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳайитов билан суҳбатда парламентда энг кўп ўринга эга партиянинг ЕОИИга аъзолик борасидаги позицияси билан қизиқдик.

«Бу борада биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг манфаатлари, иккинчидан партиямиз электоратининг манфаатларини эътибордан қочирмаслигимиз керак. Масаланинг тарихига қисқача назар солсак. Бу ташкилотга Ўзбекистон томонидан қизиқиш бор. Уч йил давомида экспертлар томонидан жуда чуқур ўрганиляпти.

Бу яқинда Россия федерацияси Федерация кенгаши раиси Матвиенко хонимнинг келиши билан бирданига кучайиб кетгани йўқ. Эсингизда бўлса, июнь ойида муҳтарам президентимиз Сенат мажлисида шу масалага урғу бериб ўтган эди. Айтгандиларки, биз маҳсулотларимиз сифатини яхшилашга ҳаракат қилишимиз керак. Савдомизнинг 70 фоизи [ЕОИИ] мамлакатларига тўғри келади.

Қолаверса, август ойида Беларусга ташриф давомида ҳам бу масала кўтарилган. Президентларнинг қўшма баёнотида Беларусь мисолида [Ўзбекистоннинг] иттифоқ билан қандай даражада ҳамкорлик қилиш масалалари ҳам баён қилинган. Шунинг учун бу масалага ёндашганда, бу бирданига бир кунда пайдо бўлиб қолмаган. Ўзбекистон бу масалани жуда чуқур ўрганяпти.

Партияларимиздан бирининг раҳбари куни кеча бунга жуда қатъий муносабат билдириб, ЕОИИни СССРга тенглаштирган баёнотининг қанчалик тўғрилигига халқимиз ўзи баҳо беради. Чунки ҳеч ким СССРнинг пайдо бўлишига хоҳиш билдирмайди ҳам. Россиянинг президенти ҳам ЕОИИдан бунақа мақсад йўқлигини бир неча марта айтган.

ЕОИИнинг ташаббускори Россия эмас, балки Назарбоев жанобларининг ўзлари бўлганлигини ҳам ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Ишонч билан айтаман, Ўзбекистон ҳеч қачон мустақиллигини бировга бериб қўймайди. Сиёсий мустақиллигини бундан ҳам мустаҳкамлайди.

Муҳтарам президентимиз 2016 йил декабрида ЎзЛиДеП номзоди сифатида кўпчилик халқимизнинг овозини олди. [Ташқи сиёсатда] конструктив, прагматик ёндашув билан боряптилар. Яъни Ўзбекистон манфаати биринчи ўринда. Ўзбекистон манфаатига зид бирон бир қарор ҳали қабул қилингани йўқ, қабул қилинмаслигига ҳам ишончимиз комил.

70 фоиз савдомиз ЕОИИга аъзо мамлакатлар билан бўлар экан, бу иттифоқ билан ҳамкорлик қилиш – биринчи навбатда ташқи савдо учун ижобий таъсирга эга бўлади. Айрим минусларини ҳисобга олмаган ҳолда. Масалан, ҳозир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини 2 млрд доллар атрофида экспорт қиляпмиз. Келажакда бу рақамни 10 миллиардга етказмоқчимиз. Бунинг учун бизга ҳам бошқа мамлакатлардагидек шароит керак. Бу иттифоқ билан ҳамкорлик қилиш иқтисодий жиҳатдан бизга фойда келтиради.

Баъзилар айтиши мумкин, [ЕОИИга қўшилсак] қайсидир фермерлар учун қийин бўлади. Мисол учун, гўшт, тухум, дон кириб келиши масаласида. Марҳамат, биз унга ҳам тайёрмиз. Ўшанга ҳам биз бозор механизмларини жорий қилиб, тайёргарлигимизни кўришимиз керак.

Учинчидан, миграция масаласи. Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизнинг 90 фоизи – шу иттифоқ мамлакатларида. Ташқи меҳнат миграциясини амалга ошираётган фуқароларимизга яратилган шароит иттифоқдош бўлган мамлакатларнинг ишчи кучларига яратилган шароитга нисбатан ноқулайроқ. Бизнинг фуқароларимиз кўпроқ харажат қилишяпти. Битта мигрантимиз Қирғизистондан борган мигрантга қараганда бир йилда минг доллардан ошиқроқ харажат қилади.

Тўртинчиси – ягона транспорт коридори масаласи. Бизнинг дунё бозорига чиқиш йўлларимизнинг катта қисми шу ҳудуддан ўтади.

Сиёсий нуқтайи назардан қараганда, Ўзбекистон ўзининг кучли лидерига эга. Доно ташқи сиёсати билан Ўзбекистон манфаатини дадил ҳимоя қилаётган лидеримиз бор – муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев. Шу иттифоқ доирасида ҳам Ўзбекистоннинг манфаатларини юқори даражада қўя олади ва сиёсий мустақиллигимизни чекловга олиб борадиган бирор бир хатти-ҳаракат бўлишига йўл қўймайдилар», – дея фикр билдирди Актам Ҳайитов.

Суҳбат давомида ЎзЛиДеП етакчиси «Биз кўп гўшт еяпмиз» дегани шов-шувларга сабаб бўлгани, давлат бюджетидан партия учун ажратилган 25 млрд сўм пул нимага сарфланиши, декабрдаги сайловдан нималар кутаётгани ва бошқа мавзуларда сўз юритди.

«Биз кўп гўшт еяпмиз»

«Бу гапимиз роса муҳокама қилинганини кузатдик, албатта. Лекин бошқача талқин қилинганини ҳам айтишим лозим. Гап гўшт йилдан-йилга кўпроқ истеъмол қилинаётгани тўғрисида борганди. Статистик маълумотларга кўра, бундан 8-10 йил муқаддам бир фуқаромиз йилига ўртача 35-37 кг гўшт истеъмол қилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 43 кг.га етди. Ўша пайтлари йиллик умумий истеъмол 1,1 млн тоннани ташкил қилган, бугунги кунда 1,5 млн тоннага етган, яъни 400 минг тоннага ошган. Албатта, аҳоли кўпайган, туризм кучайган. Бу факторлар ҳам бор. Аммо умумий истеъмол ошаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса, бизнинг ёшимизда, яъни ўрта ёшлиларнинг кўпчилигида ортиқча вазн пайдо бўлаётгани ҳам ўз исботини топган.

Лекин бу гапим зинҳор муҳтож инсонларга қаратилмаган. Улар гўшт сотиб олишга қийналиш, бу маҳсулот нархи ошиб бораётганини жуда яхши биламан. Ким қанча гўшт ейишини фақат ўзи билади ва кимдир уни чеклашга ҳаққи йўқ.

Ўзим қишлоқда улғайганман. Мол боқиш, умуман чорвачилик машаққатини тушунаман. Гўшт қимматлашаётганини, ем-хашак базасидаги муаммоларни жуда яхши биламиз. Шу боис партиямиз ҳам соҳа юзасидан ўз қарашларини баён этган. Жумладан Оҳангарон, Тахтакўпир, Бўзатов каби бутун туманларни чорвачиликка ихтисослаштириш, оилавий чорва фермерлари ташкил қилиш каби таклифлар партиянинг сайловолди дастурига киритилган».

25 млрд. сўм нимага сарфланади?

«Давлат бюджетидан партиямиз учун 25 млрд сўм йиллик маблағ ажратилган. Бундан ташқари, аъзолик бадалларимиз ҳам бор. Бу маблағнинг 80-85 фоизи туманлар, вилоятлар ва марказий кенгашда ишловчи ходимларимизнинг ойлик маошларига сарфланади. Қолган 15-20 фоизи тарғибот ишларига, турли тадбирларга йўналтирилади».

Сайловлардан умидлар

«Умидимиз катта, маррани баланд олганмиз. Парламентда ҳам, маҳаллий кенгашларда ҳам энг кўп овоз олиш, ҳукуматни шакллантиришда асосий ролни ўйнаш. Ғолиб чиққанимиздан сўнг халқимиз фаровонлигини ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш».

Россия парламенти юқори палатаси раиси Валентина Матвиенко шу ой бошида Тошкентга расмий ташриф билан келиб, Ўзбекистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кириш масаласини кўриб чиқаётганини айтганди. Шундан сўнг маълум бўлишича, бу масала ҳақиқатан ҳам уч йилдан буён кун тартибида турибди, буни ўрганиш бўйича махсус ишчи гуруҳ ҳам тузилган.

Бунга қадар президент Шавкат Мирзиёев июнь ойидаги Сенат ялпи мажлисида ЕОИИга аъзо бўлишнинг фойда-зарарларини қиёслаган, кўп ўтмай Беларусга расмий давлат ташрифи билан бориб, ушбу мамлакат тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиши имкониятларини ўрганиш масаласи ҳам кўзда тутилган қўшма баёнотни имзолаганди.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бу мавзуга тўхталар экан, Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймайди, деб баёнот берди. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Санжар Валиев Kun.uz билан суҳбатда ЕОИИни сиёсийлашган ташкилот, деб ҳисобламаслигини билдирди.

Вакиллик органларига сайловлар арафасида сиёсий партиялар етакчилари ҳам бу борада жим туришгани йўқ. «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ЕОИИга қўшилишга қаршилигини айтиб, «бу – номигагина иқтисодий, ортида эса сиёсий мақсадлар яширинган иттифоқ», деб фикр билдирган бўлса, «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси Наримон Умаров партия Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишини ёқлашини, лекин бу «таҳлиллар билан бўлиши, тарозига солиниши керак»лигини таъкидлади.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид