Ўзбекистон | 08:53 / 23.10.2019
4783
7 дақиқада ўқилади

Адлия органлари фаолиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари белгиланади 

Фото: Shutterstock

Адлия органлари фаолиятини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари белгиланади. Президентнинг “Адлия органлари ва муассасаларини 2030 йилгача ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Адлия органлари фаолиятини ривожлантиришнинг қуйидаги стратегик йўналишлари белгиланади:

a) ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш ва ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш соҳасида:

ҳуқуқий муносабатлар ҳаддан ташқари ортиқча тартибга солинганлигининг олдини олиш, айниқса ижтимоий-иқтисодий, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги тартиб-тамойилларни соддалаштириш бўйича ҳуқуқ ижодкорлигининг янги моделини жорий этиш;

“сифатсиз норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганидан кўра ҳуқуқий асосларни мавжуд эмаслиги афзал”, “жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларга ҳар қандай тартибга солувчи аралашувнинг асосли ва етарли сабаблари бўлиши лозим” тамойилларини амалга ошириш ва қонун ижодкорлиги фаолиятига татбиқ этиш;

ҳуқуқий аниқликни, тартибга солувчи ва маъмурий хатти-ҳаракатларнинг олдиндан прогноз қилинишини ўрнатилиши давлат органлари фаолиятининг энг муҳим принципларидан бири бўлиб, шу асосда уларнинг иш самарадорлигини баҳолаш;

б) маъмурий тартиб-таомиллар ва давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида:

жисмоний ва юридик шахслар билан муносабатларда берилган ваколатлардан фойдаланишда барча маъмурий органлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунининг асосий принциплари ва нормаларининг амалда қўлланилишини таъминлаш;

давлат хизматларини олишнинг автоматик, электрон тартибини жорий этиш, маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда видеоконференция ҳамда бошқа замонавий ахборот-коммуникацион технологияларидан янада кенгроқ фойдаланиш;

маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш, бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, ҳудудлараро ҳамда давлат миқёсида юзага келадиган муаммоларга ўз вақтида ва адекват жавоб бериш учун самарали ахборот алмашиш тизимини шакллантириш;

в) аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий ахборотни тарқатиш бўйича ишларни ташкил этиш соҳасида:

жамият ва давлат хизматчилари ўртасида турли масалаларни ҳуқуқий воситалар асосида ҳал этиш маданиятини юксалтириш, шунингдек, “жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини шакллантириш – демократик ҳуқуқий давлат қуриш гаровидир” тамойилини амалда қўллаш;

жамиятда кенг тарқалган муаммоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий воситаларини, шу жумладан, суд амалиётини таҳлил қилиш орқали тушунтириш учун мақсадли тарғиботни амалга ошириш;

давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасига минимал талаблар ишлаб чиқилишини ва уларнинг кенг тарқатилишини ташкил этиш;

ҳуқуқий тарғиботнинг энг замонавий ва самарали усулларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, “Street law” дастурини оммалаштириш орқали ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш бўйича турли ижтимоий қатламлар билан мақсадли иш олиб бориш;

аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва баҳолаш орқали амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини кузатиш учун доимий равишда жамоатчилик билан муҳокама қилиш;

г) юридик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишни такомиллаштириш соҳасида:

ўрта мактаб ва ўрта махсус ўқув юртларининг юқори синфлари учун “Ҳар кунлик ҳуқуқ” йўналиши бўйича дарсликлар яратиш ва нашр этишни ташкил этиш;

меҳнат бозорида талаб катта бўлган кадрлар тайёрлаш учун ўқитишнинг инновацион усулларини жорий этиш, юридик коллежларда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини қўллаш кўламини кенгайтириш;

Тошкент давлат юридик университети фаолият доираси ва кўламини кенгайтириш, шунингдек, янги олий ўқув юртларини, шу жумладан, хорижий олий ўқув юртларининг филиалларини ташкил этиш масаласини ўрганиш орқали олий юридик таълим кўламини кенгайтириш;

замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда (IT-ҳуқуқ, юристларга бухгалтерия ҳисоби ва ҳ.к.) ҳуқуқий муаммоли саволларни аниқлашга қаратилган ҳар йили ўтказиладиган тизимли таҳлил асосида ҳуқуқшуносларни амалиётга йўналтириш ҳамда малакасини оширишнинг янги дастурларни жорий этишни таъминлаш;

юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида етакчи хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

д) жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш соҳасида:

иқтисодий, оилавий, мерос, уй-жой ва бошқа низоларнинг олдини олиш учун нотариусларнинг шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш амалиётини кенгайтириш;

нотариал хизматлардан фойдаланиш даражаси ва сифатини ошириш мақсадида нотариал идораларнинг нодавлат шаклини босқичма-босқич жорий этиш ва изчил ривожлантириш;

адвокатлик институтини ривожлантириш, судгача ва суд жараёнларида адвокатнинг ваколатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш орқали адвокатлик касбининг жозибадорлиги ва обрўсини ошириш;

давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги принципини амалда рўёбга чиқариш ҳамда маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда фаол иштирокини таъминлаш ҳисобидан давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари фаолиятини такомиллаштириш;

е) интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича самарали чоралар кўриш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси қўшилган интеллектуал мулк соҳасидаги халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятларни сифатли бажарилишини таъминлаш;

интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини модернизация қилиш ва патентдан бесамар фойдаланишни олдини олиш чораларини кўриш (Patent trolling);

интеллектуал мулк эгаларининг қонуний манфаатлари бузилишининг ҳар қандай кўринишларига, қалбаки маҳсулот ва параллел импортга қарши курашиш чораларини кучайтириш;

интеллектуал мулкни тижоратлаштириш тизимини такомиллаштириш;

ж) суд-тиббиёт экспертизаси фаолияти сифатини доимий равишда ошириб бориш соҳасида:

замонавий талаблар ва илғор халқаро тажрибани, шунингдек, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг суд-тиббиёт муассасаларида суд экспертизаларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш;

суд-тиббиёт амалиётига янги инновацион ишланмаларни жорий этиш, эксперт тадқиқотларининг турлари, хусусан, суд-психологик ва суд-электротехник экспертизалари, озиқ-овқат маҳсулотларининг суд-тиббий экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш;

суд-медицина фаолияти соҳасида, шу жумладан, ихтисослаштирилган нодавлат суд-тиббиёт ташкилотларини ривожлантириш орқали кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирларни кўриш.

Стратегияни бажариш учун қабул қилинадиган операцион режаларни молиялаштириш манбаларини этиб қуйидагилар белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари;

бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бюджетдан ташқари бошқа маблағлари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорлар кредитлари (қарзлар), грантлари маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

2020 йил 1 январдан бошлаб синов тариқасида, Ижро интизомининг ягона идоралараро электрон тизимидан фойдаланган ҳолда, иш самарадорлигини аниқ кўрсаткичлари (Key Performance Indicators, KPI) асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Марказий аппарати ходимларини фаолият самарадорлигини баҳолашнинг янги тизими жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид