Ўзбекистон | 18:14 / 23.10.2019
1758
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда Samarkand Half Marathon халқаро хайрия пойгаси ўтказилади

30 октябрь-3 ноябрь кунлари Самарқандда Samarkand Half Marathon халқаро хайрия пойгаси бўлиб ўтади. 

Ярим марафон доирасида инклюзивлик мавзусига бағишланган бир қатор таълим тадбирлари ўтказилади. Болалар ва катталар учун конференциялар, маърузалар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.

Ярим марафонга тайёргарлик жараёнида маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси инклюзивлик муаммосига бағишланган тадқиқотни ўтказади – Ўзбекистон театрлари, музейлари ва кутубхоналарида тренинглар ва мониторинг ўтказилади.  

Ярим марафон "Регистон" ансамбли ёнидан бошланади. Ҳар бир масофа учун белгиланган вақт ичида етиб келган барча иштирокчилар эсдалик медалларини қўлга киритадилар. Ундан ташқари, ҳар бир рўйхатдан ўтган иштирокчи марафон футболкаси ва маркали сумкани қўлга киритади.

Ғолиблар учун соврин жамғармаси таъсис этилди, мутлақ ҳисобда 1-ўриндан 3-ўрингача бўлган эркаклар ва аёллар пул мукофотлари билан тақдирланадилар. 

Тадбир доирасида "Тактил муҳит" кўргазмаси ташкил этилади. Кўргазмага Савицкий номидаги Давлат тасвирий санъат музейи коллекциясидаги суратларнинг қавариқ ишланган кўринишлари қўйилади. Кўзи ожиз ёки кўриш қобилияти паст инсонлар кўргазмага қўйилган суратларни ушлаб ҳис этишлари мумкин. Кўргазмада айниқса "Регистон" ансамблининг тактил модели алоҳида ўрин эгаллайди. 

Шунингдек, маданият муассасалари ва тадқиқот марказларининг экспертлари иштирокида "Маданий обектларда ногиронларни эътиборга олиш борасидаги халқаро тажриба" мавзусидаги давра суҳбати ўтказилади.

Ярим марафондан тушган маблағлар Тошкент театрларидан бирида кўр ва кўзи ожиз инсонлар учун қулай муҳит яратиш бўйича экспериментал лойиҳани амалга оширишга йўналтирилади. Ушбу дастур тифлоизоҳлаш (аудиодескрипсия) ёрдамида театр саҳнасида пьеса намойиш этилишини ўз ичига олади.  

Лойиҳанинг асосий мақсади маданият ва санъат объектларида инклюзивлик муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва Ўзбекистонда спорт туризмини ривожлантиришдан иборат.

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид