Ўзбекистон | 22:58 / 23.10.2019
18093
2 дақиқада ўқилади

Туркманистон-Ўзбекистон чегарасидан махфий юклар олиб ўтилаётгани ҳақидаги хабар рад этилди

23 октябрь куни Туркманистон-Ўзбекистон чегарасидан махфий юклар олиб ўтилаётгани ҳақида маълум қилинган эди.

«Хроники Туркменистана» тарқатган хабарда Туркманистонга тегишли 4та юк машинаси «Фороб» (Туркманистон) ва «Олот» (Ўзбекистон) чегара пунктлари орқали ҳаракатланаётгани, уларнинг юк ҳужжатларида «Текшириш тақиқланади» деб ёзилгани ҳамда товарлар божхона текширувларидан ўтказилмаётгани қайд этилган.

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасидан Kun.uz'га маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари амалга оширилганда юқоридаги хабар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги аниқланган.

«Таъкидлаш жоизки, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган барча автотранспорт воситалари амалдаги қонун ҳужжатлари талаблари асосида замонавий назорат-техник воситаларини қўллаган ҳолда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда», – дейилади расмий ахборотда.

Эслатиб ўтамиз, «ХТ» ўз мухбирларига таяниб, юк машиналаридаги юк ҳужжатлари Туркманистон президентининг опаси Гулнабат Довлетова томонидан имзолангани ва у раҳбарлик қиладиган Туркманистоннинг «Қизил яримой» жамияти муҳри билан тасдиқлангани ҳақида ёзганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид