Ўзбекистон | 12:24 / 25.10.2019
2276
8 дақиқада ўқилади

Ҳудудлар ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ихтисослаштирилади

Фото: madaniyat.uz

Ўзбекистонда ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Президентнинг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасида айтилишича, ҳунармандчиликни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

ҳунармандчилик соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, йўқолиб бораётган ҳунармандчилик турларини тиклаш ва ривожлантириш;

ҳунармандчилик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш;

ҳунармандларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни зарурий инфратузилма яратиш, шунингдек асбоб-ускуна, хомашё ва материалларга бўлган эҳтиёжларини қондириш;

ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларда сотишда кўмаклашиш, шу жумладан республика ва халқаро миқёсидаги тадбирларни ташкил этиш, маҳаллий ҳамда хорижий фестиваль ва кўргазмаларда ҳунармандлар иштирокини таъминлаш;

ҳунармандчилик йўналишлари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишга кўмаклашиш ва кадрлар тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (иш, хизмат кўрсатиш) турларининг рўйхати” асосида шакллантирилган республика ҳудудларини ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг “Халқ амалий санъати устаси” тоифасини жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқулланади.

“Халқ амалий санъати устаси” тоифаси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва “Ҳунарманд” уюшмаси вакилларидан иборат кенгашнинг қарори билан ҳунармандга “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан тегишли гувоҳнома берган ва уни халқ амалий санъат усталарининг Миллий каталогига киритган холда, қоида тариқасида қуйидаги мезонларининг биридан келиб чиқиб белгиланади:

ҳунарманднинг нуфузли халқаро кўргазма, конкурс каби тадбирларда ғолиб ёки лауреат сифатида эътироф этилганлиги;

тегишли соҳада санъат ва илм арбоби, академик ёки таниқли мутахассис-эксперт (шу жумладан хорижий мутахассис-эксперт)нинг тегишли тавсиясига эгалиги;

“Ўзбекистон Республикаси” халқ устаси” фахрий унвонига эгалиги.

“Ҳунарманд” уюшмаси 2020 йил 1 июнга қадар Миллий каталогни шакллантиради ва “online” тарзда ишга туширади.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмасининг ушбу уюшма аъзолари орасидан туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандларни аниқлаш ва “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”ни тузиш ҳақидаги таклифи маъқулланади.

“Ҳунарманд” уюшмасининг аъзоларини “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”га киритилишида қоида тариқасида қўйидаги мезонлардан бири қўлланилиши белгиланади:

туристик маршрутдаги манзил бўйича ижара асосида ёки маршрутга киритилган ўз устахонасида фаолият юритиши;

ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни галереяларга, ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконларига, маҳаллий ва хорижий савдо уйларига шартнома асосида намойиш ва сотиш учун қўйиши;

ҳунарманднинг Миллий каталогга киритилганлиги;

“Ҳунарманд” уюшмасининг бадиий кенгаши томонидан тавсия этилиши.

Ҳунармандлар орасида “Мен Қўқонга бораман” кўрик танлови ўтказилишида ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари бўйича алоҳида номинациялар кесимида ўтказиш тартиби жорий этилади.

Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ҳунарманд уюшмаси” билан биргаликда 2020 йил 1 мартгача “Меҳрибонлик уйлари”да Миллий каталогдаги ҳунармандларни жалб этган холда “Уста-шогирд” анъанасига асосланган ўқув машғулотларини 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб жорий этиш жадвалини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда:

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ҳунармандчиликка ихтисослашган ҳудудларда ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати йўналишлари бўйича болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод мактаблари” ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқув курсларини ташкил этади;

2020 йил 1 майга қадар ҳунармандчилик йўналишида касб-ҳунар таълим муассасаларида кадрлар тайёрлашнинг намунавий ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлайди.

2020 йил 1 январдан 2023 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг:

халқ амалий санъати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларини солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан озод қилиш;

“Ҳунарманд” уюшмаси аъзолари томонидан ишлаб чиқарилган ҳалқ амалий санъати маҳсулотларини сотишдаги воситачилик хизматлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши;

календарь йили давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини сотишдан олган тушум 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдори учун якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ягона солиқ тўлови миқдорини “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”га киритилган ҳунармандлар учун амалдаги 4 фоиздан 2 фоиз ставкага тушириш ҳақидаги таклифларига розилик берилади.

Белгиланишича:

ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича янгидан давлат рўйхатидан ўтишда давлат божи якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган давлат божи миқдорининг 10 фоизи миқдорида ундирилади;

Миллий каталогдаги ҳунармандларга шогирдлар сони бўйича ўрнатилган чекловлар татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг “Ҳунарманд” уюшмаси қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган 50 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;

“Ҳунарманд” уюшмаси томонидан шартнома асосида бажариладиган илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлилий ишлар, таълим ва бошқа хизматлардан тушадиган тушумлар;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Белгиланишича, Жамғарманинг маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

ҳунармандчиликни ҳар томонлама, шу жумладан истиқболли инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишни молиялаштириш орқали қўллаб-қувватлаш;

миллий рақобатбардош ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилишни қўллаб-қувватлаш;

истеъмол бозорида ҳунармандчилик маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, туризм объектларида ҳунармандчилик маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш;

“Уста-шогирд” анъаналари асосида ёш ҳунармандлар авлодини тарбиялаш билан боғлиқ тадбирларни молиявий қўллаб-қувватлаш;

халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик миллий брендларини илгари суришга, шу жумладан мамлакатимиз ва хорижда кўргазмалар, ярмаркалар, фестивалларни ташкил этиш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг шундай тадбирларда кенг иштирокини таъминлаш орқали кўмаклашиш;

ёш ҳунармандлар ҳамда унутилган ҳунармандчилик турларини тиклаш билан боғлиқ фаолиятни бошлаш учун грантлар ажратиш;

“Ҳунарманд” уюшмасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан унинг ходимларини иш ҳақи билан таъминлаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид