Ўзбекистон | 14:36 / 26.10.2019
11951
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Ўзбекистонга автомобилдаги контрабандани қидиришга мўлжалланган воситалар тўпламини тақдим этди

АҚШ Ўзбекистонга автотранспортда олиб ўтилиши мумкин бўлган контрабандани қидириш ва аниқлашга мўлжалланган воситалар тўпламини тақдим этди.

Давлат божхона қўмитаси хабарига кўра, 2019 йилнинг 23 октябр куни АҚШ Давлат департаментининг “Экспорт назорати ва чегаралар хавфсизлиги” (EXBS) дастурининг маслаҳатчиси Н.Каваллеро билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Учрашув доирасида Давлат божхона қўмитасига автотранспорт воситаларининг кўз илғамас бўшлиқларида олиб ўтилиши мумкин бўлган контрабанда ашёларини қидириш ва аниқлашга мўлжалланган 23 та “СТ-40” инспекцион кўрик воситалари тўпламлари беғараз кўмак сифатида тақдим қилинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, ҳозирга қадар ушбу дастур доирасида давлат божхона хизмати органларига умумий қиймати қарийб 5 миллион АҚШ долларига тенг техник воситалар тақдим этилган, шунингдек республика бўйича ва хорижда бўлиб ўтган 30 дан ортиқ семинар, тренинг, конференция ва бошқа ўқув тадбирларида Давлат божхона қўмитасининг 200 нафардан ортиқ ходимларининг иштироки таъминланган. 

Мавзуга оид