Жаҳон | 22:15 / 26.10.2019
9512
2 дақиқада ўқилади

Вьетнам бош вазири Британияда 39 кишининг жасади топилиши бўйича суриштирув ўтказишни буюрди

Вьетнам бош вазири Нгуен Суан Фук 23 октябрда Буюк Британиянинг Эссекс шаҳрида юк машинаси ичидан 39 кишининг жасади топилиши юзасидан суриштирув бошлашга буйруқ берди. Бунга ҳалок бўлганларнинг аксарияти вьетнамлик бўлганлиги ҳақидаги хабарлар асос бўлди. 

"Буюк Британияда юк машинаси ичида ҳалок бўлган 39 кишининг вьетнамликлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида маълумот келиб тушганлиги сабабли бош вазир Нгуен Суан Фук тегишли идораларга ушбу иш тафсилотларини аниқлаш ва керакли чораларни кўриш тўғрисида фармойиш берди", - дейилади Вьетнам ҳукумати сайтидаги баёнотда. 

Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш учун жамоат хавфсизлиги вазирлиги, ТИВ, маҳаллий ҳокимият ва бошқа тегишли давлат органлари жалб этилади.

Нгуен Суан Фук текширувларнинг дастлабки натижалари 5 ноябрда тақдим этилиши кераклигини таъкидлаган.

Ушбу иш бўйича беш киши ҳибсга олинган. Улар 39 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳаракатларни содир этишда ва чегара орқали одамларни ноқонуний олиб ўтишда гумонланмоқда. ОАВнинг ёзишича, 31 эркак ва саккиз аёлнинг ўлимига музлаб қолиш сабаб бўлган. Жасадлар топилган музлатгич-фуранинг ичидаги ҳарорат минус 25 даража бўлган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид