Ўзбекистон | 21:19 / 27.10.2019
14929
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти ҳокимлиги собиқ «Нефтчи» спорт мажмуасининг тақдири тўғрисида маълумот берди

Хорижий ОАВда айтилишича, мазкур спорт мажмуасида ишлаб келаётган 79 нафар мураббий ва техник ходимлар, шунингдек, спорт тўгаракларида шуғулланаётган 2000 нафар бола кўчада қолган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи тасарруфида бўлган собиқ “Нефтчи” спорт мажмуасининг тақдири ҳақида эълон қилинган мақолалар бўйича ўз муносабатини билдирди. Уларда айтилишича, мазкур спорт мажмуасида ишлаб келаётган 79 нафар мураббий ва техник ходимлар, шунингдек, спорт тўгаракларида шуғулланаётган 2000 нафар бола кўчада қолган.

Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қувватларига тегишли улуши индонезиялик тадбиркорлар томонидан сотиб олинди. Келгусида корхонани модернизация қилиш учун инвесторларнинг қарийб 1 млрд доллар инвестиция киритиши режалаштирилган.

“Маълумки, заводнинг ёрдамчи хўжаликлари, хизмат кўрсатиш тармоқлари ва ижтимоий мажмуалари ҳам бор эди. Уларнинг бир қисми сотувга қўйилди. “Нефтчи” спорт мажмуаси эса ҳокимлик балансига ўтказиб берилди. Шу кунларда мазкур мажмуанинг фаолият йўналишлари сақланган ҳолда болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, футбол академияси ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда”, дейилади Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан. 

Таъкидланишича, айни вақтга қадар “Нефтчи” спорт мажмуасида ишлаган барча мураббийлар, ўзлари истасалар, шу ерда фаолиятларини давом эттиришади. 

Маълумот берилишича, келгусида спорт мактабига жалб этиладиган шуғулланувчилар сонини 2500 нафарга етказиш кутилмоқда.

Мавзуга оид