Божхона қўмитаси жисмоний шахсларга янги божхона тартиби бўйича тушунтириш берди
Бир неча кун муқаддам Ўзбекистон Республикаси президентининг «Жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадида товарларнинг олиб ўтиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинганди. Давлат божхона қўмитасида бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Олимжонов ушбу қарор юзасидан изоҳ берди.
– Жисмоний шахслар томонидан божхона постларидан нотижорат мақсадларда олиб келинаётган товарларнинг божхона расмийлаштиришни соддалаштириш мақсадида мазкур қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Агарда чегара-божхона постлари орқали фуқаролар қанча тез ҳаракатланса, Давлат божхона постларининг баҳолаш тизими бўйича баҳо яхши ҳисобланади. Расмийлаштириш ишларини соддалаштириш, вақт ва харажатни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Қарор лойиҳасида божхона тўловларини ундириш тартиботини соддалаштириш назарда тутилган. Яъни, амалдаги қонунчилик бўйича божхона божи, акциз солиғи ва ҚҚСни умумлаштирилган ҳолда унинг ўрнига ягона божхона тўлови жорий қилиш назарда тутилмоқда. 300 долларгача товарлар олиб кириш белгиланган бўлса, шундан ортиғига божхона тўлови белгиланиши амалиётда мавжуд. Амалиётда товарлар сони миқдорига қараб расмийлаштириш муддати чўзилади. Ҳар бир товар бўйича номенклатурасини, келиб чиқиш мамлакатини, бевосита божхона қийматини аниқлашга мажбур бўлар эди. Агарда ҳар бир фуқаро тўрттадан товар олиб келаётган бўлса 30-40 дақиқа сарф этилаётган эди. Бу ҳар бир фуқарога! Эндиликда таклиф этилаётган қарор лойиҳаси билан маҳсулот қийматидан, яъни қўлингизда турган маҳсулот чеклари ва квитанцияларга асосан қиймат белгиланади. Ушбу квитанциялардаги қийматдан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари учун - 30 фоиз, лекин камида 1 кг учун 2 AҚШ доллари; ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун - 50 фоиз, лекин камида 1 кг учун 4 AҚШ доллари миқдорида ягона божхона тўловини ундириш назарда тутиляпти.
Ташқи иқтисодий товарлар номенклатурасида 11295та товар рўйхати мавжуд. Ҳозирги кундаги божхона божи ставкалари, акциз солиғи ставкалари тасдиқланган. Жумладан, пишлоқ товарларини мисол келтирамиз: 15 фоиз миқдорида божхона божи, 10 фоиз миқдорида акциз солиғи ва 15 фоиз миқдорида қўшилган қиймат солиғи ундирилади. Яъни, жами бўлиб – 44 фоиз божхона тўловлари тўланиши лозим. Янги тартиб бўйича пишлоқ маҳсулотига 30 фоиз миқдорида божхона тўлови ундирилади.
Кийим-кечак товарларига айни вақтда 30 фоиз божхона божи ва 15 фоиз миқдорида акциз солиғи белгиланган. Бу 35 фоизни ташкил қиляпти деб айтишингиз мумкин. Йўқ. Агар қўлингизда ушбу товарларни ишлаб чиқарувчи товарлар сертификатини тасдиқловчи сертификатингиз бўлмаса, божхона божи икки карра ҳисобланади. Божхонадан ўтаётган товарларнинг бирортасида бу сертитификат мавжуд эмас. Бу ҳолатда кийим-кечак маҳсулотларига нисбатан 61 фоизни ташкил қилади. Божхонадан олиб кирилаётган гўшт-сут маҳсулотлари саноат қадоғисиз бўлса, бунга тақиқлов ўрнатиляпти. Агарда бу норма бўйича халқаро тажрибага юзланадиган бўлсак, қўшни давлатларда ҳам, Евроосиё иқтисодий иттифоқида, АҚШда, Хитойда аллақачон ўрнатиб бўлинган. Бундан мақсад турли касалликлар, чўчқа гриппи, парранда гриппи, Қрим-конго лихорадкаси, қорасон каби касалликлар кириб келиш эҳтимоли ортади ва бутун чорвачиликнинг қирилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Қарор лойиҳаси regulation.gov.uz порталига жойлаштирилди ва бунда кўпчилик баланд белгиланганини айтмоқда. Ундирилиш тартибини соддалаштириш назарда тутилмоқда. Яъни, товарлар номенклатурасига қарайдиган бўлсак, айни пайтдаги ставкалардан анча паст белгиланган. Мисол учун, асосий олиб кирилаётган маҳсулотларга нисбатан – маиший техника, кийим-кечак, пишлоқ, минерал сувларга нисбатан ўртача паст белгиланган. Бу фуқароларимизга ортиқча сарф-харажат олиб келмайди. Бу белгиланган нормадан ортиғига тўланади ва қисқа муддатда расмийлаштириш мумкин.
Баҳодир Аҳмедов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:49 / 15.08.2024
Божхона қўмитаси энг кўп импорт қилинадиган маҳсулотларни онлайн кўриш имкониятини ишлаб чиқди
18:13 / 19.08.2022
Икки карра беписандлик. Божхона қўмитаси суд қарорини бажармаяпти
07:21 / 25.06.2022
«Саховат» ва «Мурувват» интернат уйлари Божхона қўмитасига бириктирилади
08:44 / 06.06.2022