Жаҳон | 19:56 / 30.10.2019
7161
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда жангарилар томонидан электр узатиш тармоғига етказилган зарар бартараф этилмоқда

Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси экспортида юзага келган муаммога изоҳ берилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати маълум қилишича, Афғонистон Ислом Республикасининг «Da Afghanistan Breshna Sherkat» (DABS) ижрочи директори жаноб Омонулло Ғолибдан акциядорлик жамияти бошқарув раиси номига расмий мактуб келиб тушган.

Унда ёзилишича, электр энергияси экспорти бўйича имзоланган электр энергиянинг шартномавий миқдори тушиб кетганига айни пайтда иккита омил таъсир кўрсатмоқда. Биринчиси, Боғлон вилояти ҳудудида жангарилар томонидан олиб борилаётган жанговар ҳаракатлар оқибати, иккинчиси Афғонистондаги иқлим шароити, хусусан метеорологик ва гидрологик сабаблар (қор-лой кўчкиси, кучли шамол) ўтган йилги мавсумга нисбатан кескин тус олаётгани. Шунга қарамай, «DABS» ширкати муҳандислари таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бормоқда, дейилади бир нечта фотосуратлар илова қилинган мактубда.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бу масалада қўшимча изоҳ берди.

«...28 октябрь куни соат 11:53дан соат 19:07гача ва 29 октябрь куни соат 10:00дан ҳозирги пайтгача Афғонистон энергетиклари томонидан олиб борилаётган техник таъмирлаш ишлари хавфсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида «Пули-Ҳумри» ва «Чимтала» подстанцияларини боғловчи 220 кВ.лик ҳаво электр узатиш тармоғининг иккинчи занжири ўчирилган. Демак, бу вақт оралиғида Афғонистон Ислом Республикасига экспорт амалга оширилмаган ва бу ҳануз давом этмоқда.

Кўриниб турибдики, экспорт масаласида барқарорлик мавжуд эмас. Қарийб 40 йил давомида нотинч мамлакат сифатида тилга олинадиган диёрда нафақат энергетика, балки барча соҳаларда барқарорлик ҳукмрон бўлишидан минтақа давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам манфаатдор», дейилади изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, 12 октябрь куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан турли сабабларга кўра Афғонистонга экспорт қилинаётган электр энергияси миқдори яна «0» қийматга тушгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид