Ўзбекистон | 08:01 / 30.10.2019
7719
3 дақиқада ўқилади

Шифокорлар уйма-уй патронаж хизмати кўрсатиши керакми?

Шифокорлар бирламчи тизимда 30 фоиз даволаш билан шуғулланиши зарур, профилактика эса 70 фоизни ташкил этиши керак.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги шифокорлар фаолиятидаги муаммолар, кундузги шифохоналар фаолиятига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Унда қўмита аъзолари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, шифокорлар томонидан соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда Сергели туман тиббиёт бирлашмаси мудири Муножот Абдуллаеванинг фикрларига кўра, бугунги кунда умумий амалиёт шифокорининг патронаж хизмати кўрсатиши тўғри эмас. 

Муножот Абдуллаева

«Умумий амалиёт шифокори чақириқ бўлган зарур ҳолатларда беморларни кўргани уйларга бориши керак, бироқ ўзи бориб фуқаролардан ҳол сўраб чиқиши тўғри эмас. 

Бирламчи тизим шифокори сифатида айтишим мумкинки, профилактика иши бирламчи тизимда 70 фоизни ташкил этиши керак, врач 30 фоиз даволаш билан шуғулланиши зарур. Лекин бизда тескариси, шифокор даволашдан вақти қолганда профилактика билан шуғулланади», - дея ўз фикрларини билдирди Муножот Абдуллаева. 

Унинг қўшимча қилишича, Республикадан борган турли комиссиялар билан ҳам патронаж шифокори жойларда бирга юришига тўғри келади. Бу эса шифокорнинг ўз вазифасини бажаришига халақит бермоқда. 

Мавжуд тартибга кўра, умумий амалиёт шифокори кунига 6 нафар фуқарони уйига бориб кўриши белгиланган бўлиб, бу вақтда поликлиника ёки ҚВПга келган беморни қабул қилиш имкони бўлмайди. Ҳар куни 6 нафар беморни уй шароитида кўриш талаби шифокорнинг имкониятига ҳам мос эмаслиги бошқа шифокорлар томонидан ҳам эътироф этилди.  

«Ўз соғлигининг қадрига етмаган одамнинг ортидан эшикма-эшик патронаж олиб боришнинг фойдаси йўқ. Бу ерда масала кўп жиҳатдан тиббий маданиятга бориб тақалади. Биз жамиятда ўзгартирмоқчи бўлган масала ҳам шу – одамларимиз ўзларини ўзлари ҳурмат қилишни ўргансин. Бизда айрим тоифадаги одамларда боқимандалик кайфияти шаклланиб қолди. 

Бироқ бунинг учун врачларни жараёнда қурбон қилиш керак эмас. Ундан ҳам муҳими, одамлар дунёқараши ва тиббий маданиятини ошириш ҳақида бош қотириш зарур», - дея таъкидлади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Алишер Қодиров. 

Алишер Қодировга кўра, мана шундан сўнггина шифокорларнинг салоҳияти ҳақида гапириш ўринли бўлади.

Мавзуга оид