Ўзбекистон | 19:30 / 04.11.2019
25213
2 дақиқада ўқилади

Акмал Саидов: диний масалалар бўйича 52 тавсиянинг 51тасини бажардик

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Қонун устуворлиги ва дин» мавзусида халқаро семинар иш бошлади. Тадбирда турли давлатлардан вакиллар иштирок этишди.

Семинарнинг очилиш маросимида минбарга чиққан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид томонидан берилган 52та тавсиянинг 51таси бажарилгани ҳақида маълум қилди.

«Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 16 йўналишда 2 мингдан ортиқ диний ташкилотлар фаолият юритяпти. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмед Шаҳид Ўзбекистонга ташриф буюрганида истаган жойга бориши, ўз кўзлари билан кўриши учун етарлича шароит яратиб бердик. Ҳатто кўпчилик ёмонлаган «Жаслиқ» колониясини ҳам шахсан кириб кўрди. Хабарингиз бор, президент ташаббуси билан бу қамоқхона ҳозир ёпилган.

Аҳмед Шаҳид жаноблари биздаги ҳолатни ўрганиб берган 52 тавсиясининг 51тасини бажардик. Фақат биттаси қолди. Бу ҳам бўлса «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири. Аммо бу борада шошиб бўлмайди, чунки бу қонун, хато қилишга ҳаққимиз йўқ. Тавсияларни бажарганимиздан кейин Жаноб Шаҳидни яна чақирдик. Вақти бўлиши билан келиб ўз кўзи билан кўриб кетади» – дея Акмал Саидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид