Жамият | 13:59 / 04.11.2019
34256
2 дақиқада ўқилади

Ярим тунда қўшнисининг уйига бостириб кирган шахс оғир шикаст етказилиши оқибатида вафот этди

2019 йил 3 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 02:00да Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чиял МФЙда яшовчи фуқаро Р.А. маст ҳолатда қўшниси Қ.Б.нинг уйига ғайриқонуний равишда кирган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у қўлида бўлган уяли телефони чироғини ёққанида, ётоқхонада ухлаб ётган Қ.Б. уйғониб, уни келинойиси Г.Т.нинг олдига келган деб ўйлаб, Р.А.ни ерга йиқитиб, қўл ва оёқлари билан баданининг турли жойларига уриб тепиб, тан жароҳати етказган ва Р.А.ни қочиб кетмаслиги учун қўл ва оёқларини боғлаб, ИИБга хабар қилган.

Ҳодиса жойига келган ИИБ ходимлари томонидан Р.А.нинг соғлиғи оғир аҳволдалиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилган, бироқ Р.А. шифохонага олиб борилаётган вақтда вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 3 ноябрь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Қ.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида жабрланувчининг ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид