Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзларини “президент оиласига яқин шахс” сифатида кўрсатиб, жиноят содир қилган шахслар қамалди
Жиноий схема шундай ишлаган: гуруҳ раҳбари ўзини “президент оиласига яқин шахс” сифатида кўрсатган, қолганлар пул эвазига турли масалаларни ҳал қилишда унга “мижоз” топган. Уюшган гуруҳ қилмишида “лавозимга тайинлаш”дан тортиб суд ишини “ҳал қилиб бериш”гача бўлган турли эпизодлар бор.
Андижонда ўзларини “президент оиласига яқин шахс” сифатида кўрсатиб, жиноят содир қилиб келган шахсларга ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Жиноий схема
Суд ҳукмида келтирилишича, гуруҳга сирдарёлик Ж.Н. раҳбарлик қилган. 44 ёшли ушбу шахс муқаддам ҳам фирибгарлик ва бошқа жиноятлар бўйича судланган.
Уюшган гуруҳда андижонлик 41 ёшли Ш.М., 42 ёшли М.З., жиззахлик 51 ёшли Д.Ж. ва бошқалар бўлган.
Ж.Н. гуруҳ аъзоларига вазифаларни тақсимлаб берган. Жиноий схемага кўра, у ўзини “президент оиласига яқин шахс” сифатида кўрсатиши, қолганлар эса пул эвазига турли кўринишдаги масалаларни ҳал этиб бериш ваъдаси билан “мижоз” топиши керак бўлган.
Масалан, М.З. “мижоз” топиб, унга масаласини “президент оиласига яқин шахс бўлган” Ж.Н. орқали ҳал қилиб беришни айтган. Сўнгра ушбу “мижоз” Ж.Н. олдига юборилган.
Уюшган гуруҳ шу шаклда бир нечта кишини чув туширган.
Лавозим учун 25 минг доллар
Уюшган гуруҳ 2021 йил баҳор ойларида М.Д.нинг ишончига кириб, уни Асака туманидаги “Кўприклардан мунтазам фойдаланиш” УКга раҳбар лавозимига жойлаштириб қўйиш эвазига 25 минг доллар сўрашган. Сўралган пулнинг 10 минг долларини олдиндан беришини талаб қилишган.
Ж.Н. унга ўзини “президент оиласига яқин шахс” сифатида кўрсатиб, агар талаб қилинган пулни бермаса, ўзига ва оила аъзоларига яхши бўлмаслигини айтган ҳолда таҳдид қилган. Оқибатда М.Д. ўзига тегишли Captiva машинасини 10 минг долларга сотишга мажбур бўлган. Ушбу пулни уюшган гуруҳ аъзолари товламачилик йўли билан қўлга киритишиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.
280 млрд сўмлик шартнома ваъдаси
Уюшган гуруҳ 2022 йил декабр ойида чет давлатлардан поезд ва вагонлар учун эҳтиёт қисмлари олиб келиш билан шуғулланувчи Д.Д.нинг ишончига кирган. Унга “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан эҳтиёт қисмлар олиб келиш юзасидан 280 млрд сўмлик шартнома тузиб бериш ваъда қилинган. Бунинг эвазига ундан фирибгарлик йўли билан бўлиб-бўлиб, жами 119 500 доллар олишган ва ўз эҳтиёжларига сарфлашган.
Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари 2023 йил феврал ойида такроран Д.Д.нинг ишончига кириб, унга Toyota Land Cruiser 200 машинасини 75 минг долларга сотишни айтишган. Машина учун олдиндан 45 минг доллар олишган.
“Дом” қуриш учун 100 минг доллар
Навбатдаги эпизодда уюшган гуруҳ қурилиш фирмаси бўлган Россия фуқароси В.А.ни алдаган. Яъни, Ж.Н. унга ўзини “президент оиласига яқин шахс” сифатида кўрсатган. Сўнгра уни Янги Тошкентда ер майдонлари борлигини, биргаликда кўп қаватли уй қуриб сотишса катта фойда кўришларини айтиб, қизиқтирган.
Ушбу ер майдонига кўп қаватли уйлар қуришга рухсатнома олиш ва бошқа ҳужжатлаштириш ишлари учун 100 минг доллар сўралган. В.А.дан харажатлар учун олдиндан 40 минг доллар олишган ва ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишган.
Фермерлар “ҳожатбарори”
Қилмишлар орасида фермер хўжаликларига алоқадор эпизодлар ҳам бор. Улардан бири “суд ишини ҳал қилиб бериш” ваъдаси билан боғлиқ.
Ж.Н. ва бошқалар 2025 йил феврал ойида Хоразм вилояти Гурлан туманида жойлашган фермер хўжаликлардан бирининг раҳбарини алдашган. Унга фермер хўжаликнинг ерларини қайтариб олиш юзасидан кўрилаётган суд ишини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилишган. Бу орқали хўжалик раисининг 14 минг долларини фирибгарлик йўли орқали қўлга киритишган.
Яна бир ҳолатда эса хўжалик ерлари ихтисослигини пахтачиликдан шоличиликка ўзгартириб беришни айтиб, Гурлан туманидаги фермердан 44 минг доллар олишган.
Жазо
ЖИБ Балиқчи туман судининг 2026 йил 12 мартдаги ҳукми билан судланувчилар товламачилик, фирибгарлик ва пора бериш каби жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Уюшган гуруҳ раҳбари Ж.Н.га 10 йил 7 ой ва қолган судланувчиларга ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Апелляция суди дастлабки суд ҳукмининг жазо қисмини ўзгаришсиз қолдирган.
Мавзуга оид
10:55
Кореяда иш ваъдаси ортидаги фирибгарлик фош этилди
20:19 / 17.07.2026
MyGov сайтини сохталаштириб, одамлардан 1 млрд сўм ўғирлаган жиноий гуруҳ ушланди
09:49 / 17.07.2026
Полшада украиналик йигит Россия разведкасига ёрдам беришда айбланди
15:33 / 11.07.2026