Ўзбекистон | 08:19 / 07.11.2019
13303
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙПХ инспекторлари томонидан боди-камералар синовдан ўтказилмоқда 

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида мобиль видеокамераларни тест режимида синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда. 

ИИВ хабарига кўра, синов давомида камералар турли об-ҳаво шароитларида, турли кўринишларда, ҳар хил ҳолатларда ва вазиятларда ишлатиб кўрилади.

Синов текширувларида аниқланган камчиликлар эса камераларни ишлаб чиқарувчиларига етказилди ва бартараф этилади. Шунингдек, маълумотларни сақлаш қурилмалари, дастурий таъминот ҳам синовдан ўтказилади. Эртага йўлларда турли келишмовчиликлар ва зиддиятлар, баҳс-мунозаралар келиб чиқмаслиги айнан мана шу қурилма ҳамда дастурий таъминотнинг тўғри ва аниқ ишлашига боғлиқ.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлиги ошириш мақсадида тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги қарорига асосан ЙПХ инспекторлари ўз хизмат вазифаларини мобиль видеокамерадан фойдаланган ҳолда ошкора олиб боришлари белгиланган.

Мобиль видеокамера билан ишлаш жараёнида ходим йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганидан кейин унинг олдига бориши, ўзини таништириши, лавозими, унвони, фамилияси ҳақида маълумот бериши, унинг талабига кўра кўкрак нишон белгисини маълум қилиши ва хизмат гувоҳномасини очиқ ҳолда кўрсатиши керак. Энг муҳими, йўл ҳаракати қатнашчиларига мобиль видеокамерадан фойдаланаётганини маълум қилиши ва келгусида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этса, айбини исботлаш учун ундаги видео ёзувдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириши лозим.

Мавзуга оид