Ўзбекистон | 15:37 / 12.11.2019
7004
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг 6 минтақаси билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик келишуви имзоланади

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

2020 йилда Россия Федерациясининг Красноярск ўлкаси, Татаристон Республикаси, Астрахан, Ростов, Ленинград, Новосибирск областлари билан бандлик ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик келишувларини имзолаш ва биргаликда қатор тадбирларни ўтказиш кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Бухоро вилоятида Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ҳамкорлигида меҳнат миграцияси соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирлар масаласига бағишлаб ўтказилаётган анжуманда шу ҳақда айтиб ўтди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон меҳнат бозорида 13,6 млн киши банд бўлиб, улардан 5,6 млн расмий ва 7,9 млн норасмий секторда, шу жумладан, 2,6 млн киши меҳнат мигранти сифатида меҳнат қилмоқда. 

Меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон ва Россия Ҳукуматлари ўртасида 2017 йил 5 апрелда тузилган ҳамкорлик келишувига асосан эндиликда ушбу тармоқни янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган.

"Тартибли меҳнат миграцияси бу бирор давлатга ишни нақд қилиб, иш жойи ва иш берувчи ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиб бориш демакдир. Афсуски, мазкур жараённи тўлалигича тартибга солиш жуда мураккаб. Бу борада бизда тайёр механизмлар йўқ. Уни биргаликда яратамиз", - дея таъкидлади Россия меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбари Михаил Иванков.

Бундан олдин, Москва области ва шаҳрида 60 мингдан ортиқ бухоролик меҳнат мигранти ишлаётгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид