Ўзбекистон | 21:13 / 13.11.2019
11970
5 дақиқада ўқилади

Турдимов Самарқанд вилояти тадбиркорларига мурожаат билан чиқди

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида 7 ноябрь куни тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Ушбу йиғилишда давлат раҳбари «Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин», деган фикрни илгари суриб, ҳокимлар ва сектор раҳбарларига тадбиркорларга мурожаат билан чиқиш топшириғини берган эди.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоят ёшлар марказида тадбиркорларга мурожаат йўллади. Kun.uz мухбири ҳоким мурожаатининг белгиланган режаларга доир айрим жиҳатларини келтириб ўтди.

«Тадбиркорлик – инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилига айланиб бормоқда.

«Фаол тадбиркор» деганда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган фидойи инсонлар қатлами тушунилади.

Вилоятда бугунги кунда 26600та кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг сони жорий йилда 8500тага кўпайиши кутилмоқда.

Вилоятда пахтачилик тармоғида 8та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада ушбу кластерларда нафақат ғўзани етиштириш, балки пахтани йиғиштириб олиш ва қайта ишлаш, ип калава, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. 2020 йилда кластер тизими янада кенг ривожланиб, ғаллачилик йўналишида 19та кластер корхоналари ташкил этилади.

Ҳудудий дастурлар доирасида 2019 йилнинг якуни билан 6 трлн сўмлик 801та лойиҳа амалга оширилиши ва 16094та иш ўринлари яратилиши таъминланади. Бунинг натижасида қўшимча 25 млн долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконияти яратилади», – деди вилоят ҳокими йил давомида эришилган ютуқларни санаб.

Турдимов ўз мурожаатида келгусида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, уларга ёрдам қўлини чўзишда раҳбарлар янгича иш услубига ўтишларини эълон қилди. Чунончи, Самарқандда тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар, 4та сектор раҳбарлари бундан буён «Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!» мезони асосида ўз иш фаолиятини ташкил этади.

Вилоятдаги 4та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди.

«Бир нарсани чуқур англашимиз керак: сизнинг лойиҳангиз — вилоятимизнинг келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.

Бунда:

  • тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки тадбиркорларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтайи назаридан қаралади;
  • ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки дахлсизлиги таъминланади;
  • тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.

Агарда сизнинг фаолиятингизга ноқонуний аралашувларга йўл қўйилса ёхуд қайсидир жабҳада сизларга кўмак зарур бўлса, менинг доимий ишловчи Telegram-мессенжеримга (97 405-40-06), Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифам, вилоят ҳокимлигида ташкил этилган 24 соат ишловчи 1177 ишонч телефони орқали ёхуд Cавдо-саноат палатасининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида ҳафтанинг душанба куни «Тадбиркорлар қабули»га, ҳафтанинг чоршанба куни «Инвесторлар куни» муносабати билан ўтказиладиган қабулларимга келиб, шахсан мурожаат қилишингиз мумкин.

Биз, албатта, сизнинг муаммонгизни қисқа муддатларда ҳал этиш ҳамда амалий ёрдам бериш чораларини кўрамиз», – деди Эркинжон Турдимов ўз чиқишида.

Мавзуга оид:
Вилоят ҳокимлари тадбиркорларга мурожаат билан чиқиш қилишди

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев тадбиркорларга мурожаат йўллади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид