Она тилимизга давлат тили мақоми берилиши мустақилликнинг илк ғалабаси сифатида қўлга киритилгани, она тилининг эрки, ҳуқуқи учун кураш тарихда мустақиллик учун курашнинг рамзи сифатида муҳрлангани, қонуннинг хосиятлари, уни ҳаётга татбиқ этиш жараёнлари, муаммолари тўғрисида ўнлаб мақолаларимизда миллий ифтихор туйғулари билан ёзиб келдик.

2004 йили «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинганига 15 йил тўлиши муносабати билан таҳлилий, сарҳисоб мақолаларда давлат тилига эътибор пасайиб кетаётгани, «Давлат тили ҳақида»ги қонунни амалга оширишда сусткашлик юз бераётганига жамоатчилик эътиборини тортишга ҳаракат қилдик.

Қонун амалиётини кучайтиришда ёрдами тегар деган илинжда унинг 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган илк матни ҳамда унга тегишли барча ҳужжатларни бир муқовада жамлаб, ўқув қўлланма яратиб икки марта нашр эттирдик. Қонунларимиз тилини илмий-танқидий нуқтайи назардан таҳлил ва тадқиқ этиб, «Қонун тили мезонлари» номли рисола чоп эттирдик.

Лекин кўтарган муаммоларимиз, қўйган саволларимиз узоқ муддат муаллақ қолди. Давлат тили амалиёти ҳаётда қонунда белгиланган мақомдан ўзгачароқ кечди. Назаримизда, қонунчилик асослари мустаҳкамлигига, унинг ҳаётий амалиёти муаммоларига янада жиддийроқ эътибор лозим кўринарди.

Ниҳоят, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони айни муддао бўлди.

Мазкур фармон давлат тили қисматига нажот, янги ҳаёт бағишлади. «Давлат тили ҳақида»ги қонун амалиётини тубдан янгилаш ва тўғри изга солишга асос яратди. Айниқса, ундаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиши» ҳақидаги банд жуда катта амалий аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Бу «Давлат тили ҳақида»ги қонун ижросига доир энг зарур ва кўпдан бери кутилаётган амалий механизмдир.

Энди қонун ижроси қандай тус олиши кўп жиҳатдан ана шу механизм сифатли ташкил топиши ва ишлашига боғлиқ. Иш тақдирини мазкур департаментга қандай кадрлар танланиши ҳал этади. Агар муносиб кадрлар танлансагина ишда кутилган силжиш бўлади, акс ҳолда, ҳар қандай олий механизм ҳам натижа бериши қийин. Биз бир она тили жонкуяри сифатида Департамент муваффақиятли ташкил топиши ва самарали фаолият кўрсатишидан умидвормиз.

Қонун ва қатъият

«Қонун» деган тушунчанинг ўзига хос хусусиятларидан бири қатъиятлиликдир. Қатъияти бор экан — у қонун кучли. Қатъий назоратини йўқотган қонун заифлашади. Бу ҳол қонунга итоатсизликни келтириб чиқаради. Фуқароларнинг қонунга риоя қилиш иммунитетини сусайтиради. Бундай қонунни амалга ошириш ҳам имконсиз бўлиб қолади. Қатъиятсизлик рахна солса, қонун устуворлиги тантана қилолмайди. Шу жиҳатдан кейинги йилларда ўтказилган айрим ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар шундоқ ҳам қатор моддалари ишламаётган «Давлат тили ҳақида»ги қонун нуфузига ижобий таъсир этмади.