Ўзбекистон | 09:31 / 16.11.2019
15880
2 дақиқада ўқилади

Президент топшириғи: Қибрайда Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим даргоҳи филиали ташкил қилинади

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим даргоҳи филиали ташкил қилинади.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 15 ноябрь куни фармацевтика тармоғини ривожлантириш ҳамда аҳолини дори воситалари билан таъминлаш борасидаги ишлар таҳлили ва галдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Йиғилишда мутасаддиларга яқин беш йилда маҳаллий оригинал дори воситалари сонини камида 100тага етказиш ҳамда саноат усулида ишлаб чиқариш, шу мақсадда корхоналар ва илмий текшириш институтлари ҳамкорлигида Қибрай туманида замонавий технопарк ҳамда Буюк Британиянинг нуфузли олий таълим даргоҳи филиалини ташкил қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Замон талабига мос кадрлар тайёрлаш, соҳа мутахассисларининг хорижда малака оширишини ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига янги турдаги маҳсулотлар рўйхатини шакллантириб, Ҳиндистон, Россия, Украина, Хитой, Венгрия, Болгария ва Словакиянинг йирик фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид