Жамият | 20:20 / 23.11.2019
6744
3 дақиқада ўқилади

Снослар можароси Тошкент вилоятида қандай ечим топмоқда?

Тошкент вилояти маркази бўлган Нурафшон шаҳрида “Иқтисодий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг Тошкент вилоятидаги ижроси: таҳлил ва натижалар“ мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда пойтахт вилоятининг қатор иқтисодий кўрсаткичлари таҳлил қилинди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Хусусан, турли сабабларга кўра бузилган бино ва иншоотларга компенсация масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Берилган маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида 755 та нотурар жой давлат ва жамият эҳтиёжлари учун олиниб, айни пайтга қадар 96 нафар мулк эгасига 40 миллиард 540 миллион сўмдан ортиқ компенсация пули тўлаб берилган. 659та нотурар жой учун ҳисобланган 146 миллиард сўмдан ортиқ компенсация пули эса ҳали тўлаб берилмаган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бунинг сабабларига тўхталган вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Одилхон Рустамов маълум қилишича, бюджетдан ажратилган 146 миллиард сўмдан ортиқ маблағ вилоятнинг тегишли ҳисоб рақамига тушириб берилган, энди мазкур компенсация пуллари 10 кун муддатда тўлаб берилади. 

ОАВ вакиллари, вилоят, туман ва шаҳар иқтисодий мажмуаси мутасаддилари иштирок этган анжуманда вилоятда тадбиркорлик, бандлик, пул-кредит, экспорт каби қатор йўналишлар фаолияти таҳлил қилинди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоятда 36.808та тадбиркорлик субъектлари, 21.332та якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра умумий майдони 900 га бўлган 2236 та бўш турган ер участкалари аниқланиб, улардан 400 гектарга яқини, яъни 1157 таси аукцион орқали савдога чиқарилган. 585 та участкалари 13 млрд. 320 млн. сўмга сотилган. 7 минг 150 дан ортиқ фаолият юритмаётган, мингдан ортиқ ўз аризасига кўра тугатилаётган корхона мавжуд. Жорий йилнинг ўтган даврида 3 минг 75 та фаолият кўрсатмаётган корхона фаолияти тикланиб, мазкур корхоналар томонидан 3 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўланган. Солиқ тўловчиларнинг бюджет олдидаги олдиндан тўловлари 1 ноябрь ҳолатига 32 млрд сўмни ташкил қилган. 

Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Шу даврда вилоят иқтисодиёт тармоқларига 261 миллион доллар инвестиция йўналтирилиб, модернизация ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳисобига 10 мингга яқин янги иш ўрни яратилган.

Халқаро молия институтлари кредит маблағи ҳисобидан 2018-2019 йилларда вилоятда 149 та лойиҳани амалга ошириш учун 108,6 миллион доллар кредит йўналтирилган. Айни пайтга қадар 76 лойиҳа учун 57,3 миллион доллар кредит ажратилган.

Мавзуга оид