Дори препаратларининг хавфли комбинациялари рўйхати эълон қилинди
Даволаш-профилактика муассасаларида дори препаратларини ва тиббий буюмларни тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби эълон қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.
Тегишли низомга кўра, даволаш-профилактика муассасаларида сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори препаратлари ва тиббий буюмлар, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тақиқланади.
Даволаш-профилактика муассасаларида дори препаратларининг ва тиббий буюмлар тайинланиши ҳамда беморнинг дори препаратларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш бўйича назорат Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади
Мулкчилик шакли ва идоравий тааллуқлилигидан қатъи назар тиббиёт муассасаларида белгиланган тартибда беморга рецепт билан бериладиган дори воситаларини рецептсиз расмийлаштириш тақиқланади.
Беморга тайинланган дори препаратлари (дори препаратларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳисоб ҳужжатлари (касаллик тарихи, амбулатория картасида) қайд қилинади ва бевосита даволовчи шифокор томонидан имзоланади.
Дори препаратлари, шу жумладан, дорихоналарда экстемпорал усулда тайёрланадиган дори препаратлари ва тиббий буюмларини даволовчи шифокор томонидан ўз имзоси билан тасдиқланган қоғоз кўринишидаги рецепт бланкида ва/ёки даволовчи шифокорнинг ўз электрон имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат шаклидаги рецепт кўринишида бемор номига расмийлаштирилади.
Даволаш-профилактика муассасаларида беморларга дори препаратларини тайинлаш ташхис ва даволаш стандартлари асосида бир марталик, кунлик ва курс дозаларини аниқлаш орқали касалликнинг тури, оғирлиги ва хусусиятига ҳамда беморнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда даволовчи шифокор томонидан амалга оширилади.
Қуйидаги ҳолларда беморга тайинланган дори воситаларининг асослилиги даволаш-профилактика муассасасининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокори ёхуд клиник фармакологи билан келишилиши лозим:
беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан ортиқ дори воситалари тайинланганда;
асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда;
дори воситаларининг хавфли комбинациялари мавжуд бўлганда.
Ушбу ҳолларда тайинланган дори воситаларининг асослилиги беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган шахслар томонидан ҳам имзоланиши лозим.
Даволовчи шифокор даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни ҳам тайинлаши мумкин.
Тиббий кўрсатмалар бўлган ҳолатда (ҳаётий кўрсатмалари бўйича, индивидуал кўтара олмаслик) Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган ташхис ва даволаш стандартларига кирмаган, ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситаларини консилиум асосида тайинланади ва тиббий ҳужжатларда қайд этилади.
Даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори томонидан дори препаратлари рецепт асосида тайинланганда, рецептда шифокорнинг фармацевт ходимга дори препаратининг таркиби, шакли, уни тайёрлаш ва бериш ҳақидаги ёзма кўрсатмаси лотин тилида, дори препаратларини қўллаш усули эса ўзбек ёки рус тилида кўрсатилиши шарт.
Рецепт беморга унинг ёши, дори препаратини халқаро патентланмаган ёки кимёвий номи, мураккаб таркибли дори препаратлари учун савдо номи, дори препарати экстемпорал усулида тайёрланганида унинг таркибига кирувчи дори препаратларининг номлари, шунингдек уларнинг дозаси, даврийлиги, қабул қилиш вақти ва давомийлиги, озиқ-овқат билан ўзаро таъсирлашувчи дори препаратлари (овқатдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатдан кейин) кўрсатилган ҳолда рецепт бланкига мувофиқ берилади.
Бунда рецептда тайинланган дори препаратлари (дори препаратларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) рецептнинг йиртма корешогида ҳам бир-биридан фарқланмайдиган ҳолатда кўрсатилиши шарт.
Даволовчи шифокор томонидан даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга рецептда озиқ-овқатлар билан ўзаро таъсирлашувчи дори препаратлари (овқатланишдан олдин, овқатланиш вақтида, овқатланишдан кейин) қўлланилиши бўйича маълумотлар кўрсатилиши шарт эмас.
Даволанаётган бемор (беморнинг қариндошлари ёки унинг соғлиғидан хабар олувчи бошқа шахслар)га дори воситалари ва/ёки тиббий буюмларига рецепт берилганлиги ҳақидаги маълумотлар унинг тиббий ҳужжатларида қайд этилади.
Даволовчи шифокор томонидан қуйидаги ҳолатларда дори воситаларига рецепт расмийлаштирилиши тақиқланади:
мижознинг тиббий кўрсатмаси бўлмаган ҳолатларда;
Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори препаратларига;
фақат тиббиёт муассасаларида қўллашга мўлжалланган дори препаратлари, шу жумладан наркоз воситаси сифатида ишлатиладиган дори препаратларига;
Даволаш-профилактика муассасаларида дори препаратлари ва тиббий буюмларни тайинлаш тартиби тўғрисида Низомнинг 5-иловасига мувофиқ “Бир-бирига номутаносиб дори воситалари рўйхати”да кўрсатилган дори воситаларига.
Дори препаратларининг хавфли комбинациялари рўйхати
I. Дори препаратларининг ҳаёт учун хавфли комбинациялари:
1. Рух-кортикотропин + вакциналар.
2. Кортикостероидлар + вакциналар.
3. Транквилизаторлар + депрессияга қарши моноаминооксидаза ингибиторлари (ниаламид).
4. Фенамин ва унинг ҳосилалари + депрессияга қарши моноаминооксидаза ингибиторлари.
5. Антибиотиклар-аминогликозидлар + миорелаксантлар.
6. Депрессияга қарши моноаминооксидаза ингибиторлари ва тиамин билан бойитилган маҳсулотлар (пишлоқ) + адреномиметик воситалар (адреналин).
7. Фуросемид + ангишвонагул препаратлари.
8. Фуросемид + мушак релаксантлари.
II. Дори препаратларининг заҳарли комбинациялари:
1. Урегит + оғиз орқали қабул қилинувчи контрацептивлар.
2. Урегит, фуросемид + антибиотиклар-аминогликозидлар (стрептомицин сульфат).
3. Аминазин + атропин, платифиллин ва унинг ҳосилалари.
4. Аминазин + юрак гликозидлари (тромбоэмболик асоратлар).
5. Ангишвонагул препаратлари + мушак релаксантлари.
6. Индометацин + вакциналар.
7. Барбитуратлар + L-допа.
8. Олеандомицин фосфат + оғиз орқали қабул қилинувчи контрацептив препаратлар.
9. Пенициллин + допегит.
10. Хинидин + ангишвонагул препаратлари.
11. Хинидин + резерпин.
12. Преднизолон + ацетилсалицил кислотаси.
13. Цианокоболаминни узоқ муддатли парентерал юбориш.
Мавзуга оид
12:30 / 10.10.2024
Дориларнинг постмаркетинг назорати ўтказилади
14:00 / 04.10.2024
Тўрт ҳудудда кучли дори воситалари савдоси фош этилди
13:30 / 17.09.2024
Урганчда 2,9 млрд сўмлик ноқонуний дори воситалари аниқланди
09:00 / 09.09.2024