Жамият | 20:22 / 27.11.2019
2676
2 дақиқада ўқилади

Бухоро туманида наъматак етиштириш ва қайта ишлаш комплекси ишга тушади

Бухоро вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар чоршанба кунлари ўтказиб келинаётган навбатдаги «Инвесторлар куни»да 206 млрд 109 млн сўмлик 18 лойиҳанинг тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳалар ишга тушиши асносида 650дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Бухоро тумани «Сўфикоргар» МФЙда «Шуҳрат» фермер хўжалиги ўзига хос ташаббус — наъматак етиштириш ва унинг ҳосилини қайта ишлаш билан чиқди. Бу ҳақда Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

— Ўрганишларимизга биноан бир мавсумда 18 гектарда наъматак ҳосилини етиштирганда, йилига 400 тоннагача хом ашёни қайта ишлаш, 30 кишини иш билан таъминлаш имкони пайдо бўлар экан, — дейди ёш тадбиркор Ғолиб Раҳматов. — Лойиҳамиз банк томонидан қўллаб-қувватланса, уни амалга ошириш учун шахсий жамғармамиз ҳисобидан 1 млрд 200 млн сўм маблағ тикишга тайёрмиз.

Бундан ташқари, Қоракўл тумани, «Хўжалар» МФЙда «GURIPLIK TEKSTIL» Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси негизида пахта толасини йигириш, акрил волокносидан калава ип, бирламчи ярим тайёр мато ишлаб чиқариш лойиҳаси яқин бир йилда амалга оширилади. Қардош давлат ҳамкорлари корхонани 2021 йил учинчи чорагида тўлиқ ишга тушириш учун 5 млн АҚШ доллари қийматида инвестиция киритиш тараддудида.

Туркия давлатининг яна бир «MMM ERBA MAKINA SAN.VETIC A.S» компанияси сармоядорлари билан ҳамкорликда Когон шаҳридаги «Кончи» МЧЖ шаклидаги қўшма корхона негизида қурилиш объектлари учун қуруқ аралашмалар-штукатурка, сувоқ хом ашёси ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин. Бир йил истиқболида қуриб фойдаланишга топшириладиган корхона йилига 120 минг тонна ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш имконига эга бўлади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 25 фоизини чет элга экспорт қилиш назарда тутилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид