Жаҳон | 15:29 / 29.11.2019
8314
2 дақиқада ўқилади

Теледебатларга келмаган Борис Жонсон ўрнига муздан ишланган шакл қўйилди

Британиянинг Channel 4 телеканали иқлим ўзгаришига бағишланган теледебатларда студияга келмаган Британия бош вазири Борис Жонсон ва Brexit партияси етакчиси Найжел Фараж ўрнига муздан ишланган шакллардан фойдаланди. Бу ҳақда Sky News телеканали хабар берди.   

Таъкидланишича, қолган 5 та партия етакчилари дебатларга келишган ва иқлим муаммоларини муҳокама қилишган. Жонсон ва Фаражга аталган жойларда эса Ер сайёраси шаклидаги муз бўлаклари турган.

Жонсон етакчилик қиладиган консерваторлар партияси телеканалнинг бу ишини эфирга узатиш кодексининг бузилиши деб топиб, назорат қилувчи ташкилотга шикоят йўллаган. Консеравторлар ушбу ҳолатни “бетарафлик тамойилининг бузилиши” ва “сиёсий фикрни билдириш” деб ҳисоблаб, ўз шикоятларида ушбу “иғвогар хатти-ҳаракат”ни текширишни сўрашган.  

Британияда 12 декабрда муддатдан олдин парламент сайловлари бўлиб ўтади. Улар парламент орқали “Брекзит” бўйича келишувни ўтказмоқчи бўлаётган Жонсон ташаббуси билан ўтказилмоқда.

Мавзуга оид