Жаҳон | 18:30 / 01.12.2019
15345
2 дақиқада ўқилади

Греция ва Туркия ўртасида дипломатик можаро юз берди

Фото: REUTERS / Presidential Press Office/Murat Cetinmuhurdar

Туркиянинг Эдирне шаҳрида Трансанатолия газ қувури – TANAP’нинг очилиши маросими Греция делегацияси иштирокидаги можаро билан якунланди.

Skai телеканалининг хабар беришича, Греция вакиллари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған нутқ сўзлаётган вақтда норозилик сифатида зални тарк этишган.

Делегацияга раҳбарлик қилган, Греция энергетика ва атроф-муҳит вазири ўринбосари Димитрис Иконому Эрдўғаннинг Туркия Кипр шельфида ва иқтисодий ҳудудида қидирув ва бурғилаш ишларини тўхтатмаслиги ҳақидаги баёнотини иғво деб атаган.   

Греция делегациясида таъкидланишича, улар воқеаларнинг бундай тус олишига тайёр туришган, бироқ газ қувури очилишини ўтказиб юбора олишмаган, чунки у Трансадриатика газ қувури TAP билан боғланади.

Греция ташқи ишлар вазирлиги Эрдўғаннинг бу сўзларини қоралаб чиққан ва уни халқаро ҳуқуқни бузишда ҳамда барқарорликка путур етказиш ва “яхши қўшничилик тамойилларини менсимаслик”да айблаган. 

Кипр шельфи ва иқтисодий ҳудудида табиий газнинг йирик конлари аниқланган. Кипр Республикасини тан олмайдиган Туркия иқтисодий ҳудуд чегаралари бўйича эътироз билдириб келади.  

Мавзуга оид