08:55 / 12.12.2019
0
4664

«Осиё юраги - Истанбул жараёни» форумига навбатдаги раислик Тожикистонга ўтказилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги делегация 2019 йил 8-9 декабрь кунлари Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган «Осиё юраги – Истанбул жараёни» форумининг саккизинчи вазирлар конференциясида иштирок этди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарида айтилишича, конференцияда 35 та давлат (иштирокчилар, шериклар) ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани нутқ сўзлади.

Муҳокамалар натижаси кўра «Осиё юраги – Истанбул жараёни» саккизинчи вазирлар конференциясининг Декларацияси қабул қилинди, шунингдек, «Ишончни мустаҳкамлаш чоралари»нинг 6 йўналишини татбиқ этиш, шунингдек «Осиё юраги – Истанбул жараёни» форумини ислоҳ қилиш бўйича янгиланган режалар маъқулланди.

Якуний ҳужжатда афғонлараро тинчлик жараёнини илгари суриш орқали узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эришиш ва минтақавий иқтисодий алоқаларга интеграциялашиш борасидаги Афғонистон ҳукуматининг саъй-ҳаракатларини давом эттиришга «Осиё юраги – Истанбул жараёни»нинг аъзо давлатлари ва ҳамкорлари тайёрлиги акс эттирилган.

Тадбир якунида «Осиё юраги - Истанбул жараёни» форумига навбатдаги раислик Тожикистонга ўтказилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top