Ўзбекистон | 07:45 / 13.12.2019
5301
3 дақиқада ўқилади

Мева-сабзавот ва узум маҳсулотларининг Осиё ва Европа давлатларига экспорти кўпайтирилади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»га қарори имзоланди.

Президент қарорига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, «Ўзстандарт» агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, «Ўзагрокимёҳимоя» АЖ, «Ўзкимёсаноат» АЖ бир ой муддатда мева-сабзавот ва узум маҳсулотларининг экспорт географиясини кенгайтириш, экспортдаги тариф ва нотариф барьерларни камайтириш юзасидан «йўл харита»сини ишлаб чиқиб, тасдиқлайди.

Унда қуйидагилар назарда тутилади:

·        мева-сабзавот ва узум маҳсулотларининг турлари бўйича ноанъанавий бозорлар, хусусан, Хитой, Корея, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи давлатларига экспортни кўпайтириш;

·        хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан импорт божлари ва акциз солиғи ставкаларини қўллашда имтиёз ва чегирмалар бериш тўғрисида музокаралар ўтказиш;

·        темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида юкларни ташишда ундириладиган тўловларни камайтириш;

·        халқаро даражада тан олинган стандартлар талабларига мос маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини ушбу стандартлар талаблари асосида қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар қамровини кенгайтириш, экспортбоп маҳсулотларни халқаро талаблар асосида сертификатлаш ишларини жадаллаштириш;

·        «соғломлик» сертификати бўлмаган уруғ ва кўчатларни импорт қилиш ҳамда экишни тўхтатиш;

·        мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда минерал ўғитлар сотиш ва зараркунандаларга қарши курашиш бўйича самарали тизим ташкил этиш, уларнинг фаолиятида экологик хавфсизлик талабларига риоя қилинишини таъминлаш;

Амалга оширилган ишлар тўғрисида 2020 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид