Иқтисодиёт | 13:41 / 21.03.2026
1447
2 дақиқада ўқилади

Мева-сабзавот экспортчилари учун фитосанитария назорати енгиллашади

Ўзбекистонда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун фитосанитария тартиб-таомилларини соддалаштириш, назоратни рақамлаштириш ва қўшимча енгилликлар беришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида давлат хизматлари самарадорлигини ошириш, фитосанитария назоратини замонавий механизмлар асосида ташкил этиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Ҳужжатда 119 та ТИФ ТН код остидаги товарларни карантин остидаги маҳсулотлар рўйхатидан чиқариш, текширувлар сонини 30 фоизгача қисқартириш ва ўрта хавфли товарлар бўйича назорат муддатини ўртача 3 иш кунидан 1 иш кунигача камайтириш белгиланган.

Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан бошлаб карантин остидаги маҳсулотларни фитосанитария назоратида автоматлаштирилган хавфларни бошқариш тизими жорий этилади. Ушбу тизим орқали хавфи паст товарлар бўйича карантин кўриги далолатномаси автоматик равишда расмийлаштирилади ва юклар қўшимча жисмоний назоратга йўналтирилмайди.

Лойиҳада мева-сабзавот маҳсулотларини етиштиришдан экспортгача бўлган занжирни такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, ички фитосанитария сертификатини расмийлаштиришда карантин инспекторларига кўмаклашувчи жамоатчи инспекторлар фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, экспортчилар ва уларнинг вакиллари махсус онлайн платформалар орқали бепул ўқитилиб, малака сертификати олади. Сифатсиз қадоқланган, сараланмаган ёки хом узилган маҳсулотлар эса фитосанитария сертификати олиш имкониятидан маҳрум қилиниши мумкин.

Қарор лойиҳасида яна бир муҳим янгилик сифатида 2026–2028 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини саралаб, замонавий қадоқлаб сотган тадбиркорларга қадоқ харажатларининг 50 фоизигача, аммо ҳар бир қадоқ учун 6 минг сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилиши назарда тутилган.

Ушбу чоралар экспорт жараёнларини тезлаштириш, тадбиркорлар харажатларини камайтириш, маҳсулот сифати ва жозибадорлигини ошириш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид