12 декабрь куни Тошкентда сиёсий партиялар аъзолари ва Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Корея элчилари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги бош координатори қатнашди.

Тадбирда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлот партия вакилларига: «Сиз ҳукуматнинг қайси йўналишдаги ҳаракатларини кўпроқ назорат қилиш муҳим, деб ҳисоблайсиз? Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича қандай таклифларингиз бор?» дея савол билан мурожаат қилди.

Олий Мажлис депутатлигига номзодларнинг мазкур саволга жавоблари қуйидагича бўлди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Нодир Тилаволдиев:

– Ижроия ҳокимиятининг фаолияти бўйича бир қанча танқидий фикрлар юрибди. Мен бу фикрларни ўринли деб ҳисоблайман. Ижро ҳокимиятида ҳалигача эскича фикрлайдиган одамлар жуда кўп. Ўйлайманки, жойлардаги ижро ҳокимиятларига ҳам янгича фикрлайдиган, амбицияси юқори, замонавий кадрларни олиб келиш вақти келди.

Бу нарса республика даражасида бошланган: ҳозир жуда кўп вазирларимиз, вазир ўринбосарларимиз – ёш, ғайратли, четда ўқиган йигитлар. Вилоятларда ҳам, туманларда ҳам кадрлар масаласига эътибор бериб, салоҳиятли, шижоатли, қадамидан ўт чақнайдиган ёшларни олиб келишимизни хоҳлайман. Ана шунда биз жойларда ҳам ўзгариш қила оламиз.

«Адолат» демократик партияси вакили Ойдин Абдуллаева:

– Парламентимизда ҳисобдорлик тажрибаси ҳозир кенг қўлланилади. Фикримча, бу нарса айнан маданият ва таълим соҳаларида кенгроқ қўлланилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Чунки бу соҳаларда муаммолар йиғилиб қолган.

Фуқаролик жамияти ривожланишига келсак, биз маҳалла фуқаролар йиғинларига кўпроқ ҳуқуқ беришимиз керак, кўпроқ эркинлик беришимиз керак. Нодавлат-нотижорат ташкилотларга ҳам кўпроқ ҳуқуқ ва эркинлик берсак, шу йўналишдаги ишларимиз олға силжиган бўларди.