ЕХҲТ кузатувчилари Kun.uz таҳририятига ташриф буюрди
Бугун, 13 декабрь куни Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан Ўзбекистонда бўлиб ўтиши кутилаётган сайловларни кузатиш учун ташриф буюрган икки нафар кузатувчи – Кристоф Вийдеман ва Юлиана Петренко Kun.uz таҳририятида меҳмон бўлди.
Ташриф давомида меҳмонлар сайт таҳририяти фаолияти билан танишди. Бўлажак сайловлар олдидан кечаётган жараёнларни, тарғибот усуллари, дебатлар ва бошқа тадбирларни ёритиш жараёни билан қизиқишди. Кристоф Вийдеманни кўпроқ партиялар ўртасидаги дебатлар қизиқтирган бўлса, Юлиана Петренко сўнгги йиллардаги ОАВ соҳасидаги ўзгаришлар бўйича маълумотлар олди.
Маълумки, 10 декабрга қадар Марказий сайлов комиссияси (МСК) томонидан 168 нафар халқаро кузатувчи аккредитациядан ўтказилган. Айнан сайлов арафасида 250 нафардан ортиқ қисқа муддатли кузатувчилар келиши қайд этилган.
Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларни кузатиш бўйича махсус миссияси раҳбари Тана де Зулета хоним «Биз кузатувчи мақомидамиз, сайловлар жараёнига ҳам, қонун бузилиш ҳолатларига ҳам аралашмаймиз. Бундай ҳолатларда чора кўриш тўлиқ Ўзбекистон Республикасининг турли органлари ваколатига киради» дея баёнот берганди.