Жамият | 17:13 / 16.12.2019
8560
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ўзини блогер деб таништирган шахс товламачиликда гумонланиб қўлга олинди

Қашқадарё вилояти Китоб туманида яшовчи фуқаро Шерзод Мирзаев ва тумандаги 44-сонли мактаб директори Х.О. 15 декабрь куни қўлга олинди.

Қашқадарё вилояти прокуратураси берган хабарга кўра, ўзини блогер деб таништирган Ш.Мирзаев товламачиликда гумонланмоқда. Мактаб директорининг бунга алоқаси бор-йўқлиги эса ҳозирча номаълум.

Расмий хабарда айтилишича, Китоб туманининг Хўжаилмкон қишлоғида яшовчи Ш.Мирзаев устидан ДХХнинг туман бўлинмасига «Бирлик» МФЙ Қалмоқ қишлоғида яшовчи Ш.А ўғлидан ариза тушган.

Аризачига кўра, Ш.Мирзаев унга нисбатан иш фаолияти ва оилавий ҳолати билан боғлиқ обрўсизлантирувчи маълумотларни йиғиб, интернетда тарқатиб юборишини айтиб қўрқитган ва товламачилик йўли билан минг доллар беришини талаб қилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 15 декабрь куни соат 17:30ларда Департамент ва ДХХнинг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Ш.Мирзаев ва Китоб туман 44-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори Х.О.лар ушбу мактаб ёнида ариза муаллифидан келишилган 1000 АҚШ доллари ҳисобидан 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», – дейилади прокуратура хабарида.

Маълум қилинишича, гумонланувчи аризачининг сайёр қабулга маст ҳолда боргани ва унинг опаси тўйда эркак киши билан вальсга тушганини тасвирга тушириб, Facebook ва Telegram`да тарқатиб юборган.

Бундан ташқари, аниқланишича, Ш.Мирзаев 2019 йил ёз ойларида Хўжаилмкони қишлоғида сув таъминоти учун маблағлар ажратилган бўлса-да, лойқа сув ичилаётгани ва «Хўжаилмкони» зиёратгоҳи қаровсиз ҳолга келиб қолгани ҳақидаги ҳолатларни ҳам тасвирга олиб, «Озодлик» радиоси тармоғи орқали тарқатган.

Шунингдек, гумондор Facebook`да Китоб туманидаги 10-боғчада «болаларга қуртлаган жигар ва гўштдан тайёрланган овқат берилгани» ҳақида пост қолдирган. Ушбу маълумотнинг қанчалик ҳақиқатга тўғри келиши юзасидан айни пайтда Китоб тумани прокуратураси текширув ўтказмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид