Жаҳон | 21:25 / 17.12.2019
38561
3 дақиқада ўқилади

2019 йилнинг энг нуфузли аёллари эълон қилинди

Германия канцлери Ангела Меркел Forbes нашри томонидан 2019 йилнинг энг нуфузли аёли деб топилди. Немис сиёсатчиси ушбу нашр 16 йилдан буён эълон қилиб келаётган рейтингларда бу йил 14-марта қайд этилди.

Юзлик рўйхатнинг юқори ўнлигини америкалик ва европалик хонимлар банд этган. Рейтинг аёлларнинг бизнес, технология, молия, медиа, сиёсат, хайрия ва кўнгилочар тадбирлардаги фаоллиги асосида тузилган.

Иккинчи ўринда Европа Марказий банки президенти, франциялик Кристин Лагард қайд этилган бўлса, юқори учликни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси якунлаб беради.

Нэнси Пелоси (чапда) ва Кристин Лагард (ўнгда)
Фото: Alex Wong / Getty Images

Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен тўртинчи, General Motors ижрочи директори Мэри Бара бешинчи ўринда кўрсатилган.

Чапдан ўнгга: Кристин Лагард, Ангела Меркел, Урсула фон дер Ляйен
Фото: BestImage

40-поғонани Буюк Британия қироличаси Елизавета II банд этган бўлса, яқинда «Time» нашри томонидан «Йил одами» деб топилган ёш экофаол Грета Тунберг сўнгги юзинчи ўринни эгаллаган.

16 ёшли Тунберг – бу рўйхатга кирган тарихдаги энг ёш қиз бўлди. Қиролича Елизавета II эса энг кекса хоним ҳисобланади.

CBNC'нинг ёзишича, 2019 йилги рўйхат 7 авлод хонимларини ўз ичига олиб, 32 давлат вакилларидан иборат бўлган.

Рейтингга кирган аёлларнинг тенг ярми – шимолий америкаликлардир.

«Рўйхатга дунёнинг энг қудратли инноватор, таҳлилчи лидер хонимлари киритилган. Улар анъанавий структураларни янгилашга хизмат қилаётган, ўз соҳаларида катта таъсирга эга аёллар ҳисобланади», – дейди Forbes журнали вице-президенти Мойра Форбес.

Маълумотларга қараганда, ушбу юз нафар аёлнинг бойлиги жами 2,3 триллион долларни ташкил этади. Уларнинг қўл остида дунё бўйлаб 6,5 миллион ходим ишламоқда.

Мавзуга оид