Жаҳон | 21:03 / 17.12.2019
17235
2 дақиқада ўқилади

Хитой ўзи ишлаб чиқарган илк авиаташувчи кемани қуролланишга олди 

17 декабрда  Хитойда ишлаб чиқарилган илк авиаташувчи кема Хитой армиясининг ҳарбий-денгиз кучларига топширилди. Бу ҳақда Хитой мудофаа вазирлигига таяниб ТАСС хабар қилди.

“Шаньдун” деб номланган кеманинг топширилиши тантанали маросими Санья шаҳридаги ҳарбий-денгиз базасида Хитой раиси Си Цзиньпин, ҳарбий-денгиз кучларининг 5 мингга яқин вакили ва кемани қуришда қатнашган кишилар иштирокида бўлиб ўтди. 

Хитой раиси кемани кўздан кечириб, ундаги қурилмалар, ҳарбийларнинг яшаш шароитлари билан танишиб чиққан. У, шунингдек, кема қурилишида иштирок этганлар билан учрашиб, уларнинг ишларини юқори баҳолаган ва янги муваффақиятларга эришиш учун шундай ишлашда давом этишга чақирган. 

Хитой қуролланишида ҳозирда “Ляонин”авиаташувчи кемаси мавжуд бўлиб, у Украинадан сотиб олинган “Варяг” кемаси негизида қурилган. Жорий йилда у қайта жиҳозланиб, модернизация қилинган. “Шаньдун” ҳам шу лойиҳа бўйича, бироқ бошидан охиригача маҳаллий саноат кучлари томонидан қурилган. 

Кема узунлиги 315 метрни, эни 75 метрни, сув сиғимдорлиги 70 минг тоннани ташкил қилади. Кема соатига 57 км тезлик билан ҳаракатлана олади. Унинг таркибига 40 та жанговар парвоз қурилмаси – 36 та J-15 қирувчи самолёти, 2 та Z-18 транспорт ва 2 та кўп мақсадли Z-9 вертолётлари киради.

Хитой мудофаа вазирлиги умумий ҳисобда ўз флоти таркибига 4 та авиаташувчи кемани киритмоқчи. 

Мавзуга оид